Саҳрои кабир ҳам бир пайтлар яшил чаманзор бўлган

Улашиш:

Ўсимликлар олами инсон ҳаётининг ажралмас қисми. Инсон ўзини яшиллик, салқинлик ичида яхши ҳис қилади. Бекорга жаннат – салқин ва яшил боғдан иборат маъво, дея тасвирланмаган. Бунинг акси эса машаққатли ҳаётни ёки ҳаёт йўқлигини англатади. Афсуски, Ер юзида шундай ҳам кам бўлган яшил ҳудудлар йил сайин қисқариб бормоқда. Чўллашиш кўлами кенгайиб бормоқда.

Ҳатто Саҳрои Кабир ҳам, илмий тахминларга қараганда, бир пайтлар яшил яйловлардан иборат бўлган. Аммо ерлик аҳоли тинимсиз чорва боқиб, ўт қопламига катта зарар етказгани боис, қуруқ ернинг қуёш нурларини қайтариш таъсири кучайиб, муссон (“мавсумий”, ёзда океандан материкка эсадиган шамоллар олиб келувчи ёмғирлар) ёғинлари камайиб кетган, ер эрозияси кучайиб, чўллашиш бошланган. Энди эса бу ерда жазирама иссиқ ва қум бўронлари ҳукмрон. Агар инсоният ўз фаолиятини ўзгартирмаса, иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалигидаги услубларини такомиллаштирмаса, яшил қатламни йўқ қилишда давом этса, яқин 100 йил ичида қуруқликнинг аксарият қисми чўллашиб, ана шундай тус олади. Энг ёмони, Ер ҳарорати йилига 2,5 даража исиб бормоқда. Бу эса иссиқхона эффектига элтувчи энг яқин йўл ҳисобланади.

Ҳечдан кўра кеч яхши, дейишганидек, инсоният чўлланиш ва қурғоқчиликнинг олдини олишга киришди. Муаммога илмий ёндашилмоқда. Энг муҳими, бу муаммо маълум бир ҳудуд ёки двлат ичидаги муаммо эмас, балки бутун инсоният олдидаги муаммо экани тушуниб етилмоқда.

Ниҳоят, 1994 йил 17 июнда “Қаттиқ қурғоқчиликни бошдан кечираётган ва ёки чўлга айланиб бораётган мамлакатларда, айниқса, Африкада чўлланишга қарши кураш тўғрисида БМТ конвенцияси” қабул қилинди. Мазкур конвенциясини БМТга аъзо барча давлатлар имзолаган. Мазкур сессияда, шунингдек, 17 июнь - Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни, деб эълон қилинди.

Бирор кунни халқаро кун, деб эълон қилиш БМТ ташкил этилишидан аввал ҳам ҳаётга татбиқ этилган бўлсада, БМТ у ёки бу масалаларда кенг аҳолини хабардор қилиш учун қудратли восита сифатида қабул қилди. Ҳар бир халқаро кун кўплаб қизиқувчи ва манфаатдор шахсларга ушбу кун мавзуси билан боғлиқ тадбирларни ташкил этиш имкониятини беради.

Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни ҳам одамлар эътиборини яна бир бор чўллашиш муаммосига қаратишга хизмат қилмоқда. Чунки бу муаммо бошқа катта муаммоларни – деҳқончилик ва орвачилик инқирози натижасида озиқ-овқат танқисилигини ҳам келтириб чиқариши тайин.

Умуман олганда, чўлланиш, ерлар деградацияси ва қурғоқчилик жиддий иқтисодий, ижтимоий ҳамда экологик муаммо бўлиб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Маълумотларга кўра, чўлланиш оқибатида жаҳоннинг 100 дан ортиқ мамлакатида истиқомат қилаётган 1,2 миллиард аҳолининг саломатлиги ва фаровонлигига жиддий хавф туғилмоқда.

Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ) маълумотларига кўра, чўлланиш дунё аҳолисининг бешдан бир қисмига таҳдид сомоқда. Ҳозир дунёдаги қуруқлик майдонининг учдан бир қисми чўлга айланиш таҳдиди остида қолган. Дунёда деградация жараёнлари натижасида ҳар йили 7 миллион гектар ер майдони қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетмоқда.

БМТнинг Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича баёнотига кўра, 2050 йилга келиб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмидан кўпроғига таъсир қилади. Жаҳон табиий ресурслар институти ва Британиянинг “Economist Intelligence Unit” ташкилоти тадқиқотларига кўра эса, 2040 йилга бориб сув танқислигига энг кўп учраши тахмин қилинаётган 33 давлат орасида Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам бор.

Ҳозирги даврда Ўзбекистон тупроқ шўрланиши, кўчиб юрувчи қумлар тарқалиш хавфи, чанг бўронлари ва қурғоқчилик муаммоларига дуч келмоқда.

Шунингдек, глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиши, уларнинг сувга бўлган талаби йил сайин ошиб бориши туфайли республикамизда сув ресурсларининг тақчиллиги йилдан-йилга кучайиб бормоқда.

Таҳлиллар иқлим ўзгариши Ўзбекистонда сув тақчиллигини янада кескинлаштиришини, қурғоқчиликнинг давомийлиги ва даврийлиги кўпайишига олиб келишини ҳамда иқтисодиётнинг сув ресурсларига бўлган эҳтиёжини қондиришда жиддий қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Ушбу вазиятни эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлаш, фойдаланишдан чиққан ер майдонларини қайта фойдаланиш (оборот)га киритиш, мавжуд сув ресурсларидан оқилона ва тежамли фойдаланиш, ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, вазирлик тизимидаги насос станцияларнинг энергия самарадорлигини ошириш, ирригация тизимлари, гидротехник иншоотларнинг техник ишончли ва хавфсиз ишлатилишини таъминлаш, қишлоқ хўжалик экинларини суғоришда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳамда соҳага рақамли технологияларни жорий қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, биргина 2022 йилнинг ўзида мелиорация объектларини таъмирлаш-тиклаш лойиҳалари доирасида 15455 км коллектор-дренаж тармоқлари, 1173 та гидротехник иншоотлар, 136 та тик дренаж қудуқлари ҳамда 2274 та кузатув қудуқларини таъмирлаш ва тиклаш ишлари бажарилди.

Республика бўйича 246 км суғориш тармоқлари қуриш ва 927 км таъмирлаш, 311 км коллектор тармоқларини таъмирлаш, 605 та суғориш қудуқларини қуриш, 50 та насос агрегатлари ўрнатиш ҳамда 331 км электр узатиш тармоқлари тортиш ишларини амалга ошириш натижасида жами 133,7 минг га фойдаланишдан чиққан ер майдонлари қишлоқ хўжалигида қайта фойдаланишга киритилди.

2022 йилнинг суғориш мавсуми давомида сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация тадбирларини амалга ошириш, ерларни лазерли текислаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳисобидан жами 7,0 млрд.м3 сув тежалишига эришилди.

Жумладан, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва ерларни лазер текислаш ҳисобидан 1,98 млрд.м3, ирригация тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ва реконструкция тадбирлари ҳисобидан 2,23 млрд.м3, АКТ ва рақамли технологияларни жорий этиш, экинларни жойлаштиришда сув кам талаб қиладиган экинлар улушини кўпайтириш ва шолини интенсив усулда экиш ҳамда экин майдонларида қўшимча агротехник тадбирларини амалга ошириш ҳисобидан 2,80 млрд.м3 сув тежаб қолинди.

Ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш соҳасида 2022 йилда вазирликка ажратилган маблағлар ҳисобидан 136 та ирригация ва 75 та мелиорация объектлари фойдаланишга топширилди. Хусусан, ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 226 та лойиҳа доирасида 438,6 км канал, 141,8 км лоток тармоқлари, 35 та гидротехник иншоот, 17,4 м3/сек сув чиқариш қувватига эга бўлган насос станциялар, 19,8 км босимли қувурлар, 54 та суғориш қудуғи, 7 та кўприк, 1 та сув омбори қурилди ва реконструкция қилинди ҳамда 17,4 км қирғоқ ҳимоя ишлари бажарилди.

Мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 100 та лойиҳа доирасида 504,6 км очиқ, 264,4 км ёпиқ горизонтал коллектор-дренаж тармоқлари, 5 та мелиоратив насос станцияси, 16 та гидротехник иншоот, 95 та вертикал дренаж ва 418 та кузатув қудуқлари ҳамда 18 та кўприк қурилган ва реконструкция қилинган.

Амалга оширилган тадбирлар натижасида 347,9 минг гектар майдоннинг сув таъминоти, 150 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига эришилган.

Шунингдек, 2022 йил мобайнида вазирлик тизимидаги жами 185 дона насос, 357 дона электродвигателлар, 1008 дона сув миқдорини “онлайн” режимда мониторинг қилиш қурилмалари, 5044 дона ёруғликдиод лампалар, 100 дона конденсатор қурилмалари, 69 дона частота ўзгартирувчи қурилмалар ва 84 дона қуёш батареялари ўрнатилди ҳамда 2 261 дона насос агрегатлари ҳамда 1626 дона суғориш қудуқлари таъмирланди. Натижада ўтган 2022 йил давомида насос станцияларида 369,2 млн.кВт.соат электр энергиясини иқтисод қилишга эришилди.

Ирригация тизимлари, гидротехник иншоотларнинг техник ишончли ва хавфсиз ишлатилишини таъминлаш бўйича вазирлик тасарруфидаги республика ва тизим ташкилотлари томонидан эксплуатация маблағлари ҳисобидан 3308 км хўжаликлараро суғориш тармоқларини (каналларни) тозалаш ҳамда улардаги 4045 дона гидротехника иншоотларини ва 4318 дона гидропостларни таъмирлаш ишлари бажарилди.

Шунингдек, кластер ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 9758 км ички ариқларни механизм ёрдамида ва 42653 км ариқларни қўл кучи ёрдамида тозалаш ишлари ҳамда улардаги 9148 дона гидротехника иншоотларини ва 9139 дона гидропостларни таъмирлаш ишлари бажарилди.

Сув хўжалиги соҳасига рақамли технологияларни жорий қилиш борасида сув хўжалиги объектларига 2928 та “Ақлли сув” қурилмаси, насос станцияларига 1008 та сувни онлайн назорат қилиш қурилмаси ҳамда мелиоратив кузатув қудуқларига 2630 та сизот сувлари сатҳи ҳамда минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилувчи рақамли қурилмалари ўрнатилди.

Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг молиявий кўмаги ёрдамида “Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини мониторинг қилиш” ахборот тизими ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан Австралиянинг “Rubicon Water” компанияси технологиялари асосида Қашқадарё вилоятининг Касби туманидаги Миришкор-Қамаши каналларининг 26 та затворининг бошқарув жараёнларини тўлиқ автоматлаштириш ишлари якунига етказилди.

Республикамизда сув ресурслари тақчиллиги тобора ортиб бораётган шароитда қишлоқ хўжалик экинларини суғоришда сув тежовчи технологияларни жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунга қадар жами 398,4 минг гектарда томчилатиб, 30,8 минг гектарда ёмғирлатиб, 16,3 минг гектарда дискрет, 72,9 минг гектар майдонда эгилувчан қувурлар орқали ва 36,1 минг гектар майдонда эгатга плёнка тўшаб суғориш тизимлари жорий қилинди ҳамда 451,9 минг гектар экин майдонларида лазер ускунаси ёрдамида текислашишлар амалга оширилиб, натижада уларнинг қўрсаткичи 1,0 млн гектарга ёки қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг 25 фоизига етказилди.

Шундан, биргина 2022 йилнинг ўзида 463,7 минг гектар майдонда, шундан, 89,8 минг гектарда томчилатиб, 16,2 минг гектарда ёмғирлатиб, 5,7 минг гектарда дискрет, 109,0 минг гектар майдонда бошқа замонавий суғориш тизимлари жорий қилинди ҳамда 243,0 минг гектар экин майдонларида лазер ускунаси ёрдамида текисланиб, технология жорий қилинган майдонларда минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ва механизация харажатлари билан бир қаторда, 1,6 млрд сув ресурслари иқтисод қилиниб, ҳосилдорлик ўртача 30-35 фоизга ошишига эришилди.

Мухтасар айтганда, сўнгги йилларда республикамиз сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган тадбир ва дастурлар чўлланиш, қурғоқчилик, сув танқислиги ва иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этишга қаратилган бўлиб, мамлакатда сув ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.