Жиззахда 979 нафар фуқаро оиладаги зўравонликдан шикоят қилган

Улашиш:

Зўравонликнинг кўринишлари турлича бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида“ги Қонунида зўравонликнинг тўрт асосий тури белгиланган. Булар жисмоний, руҳий, жинсий ва иқтисодий зўравонлик.  

Бугунги кунда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида жамиятда  хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш учун чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.  Халқаро қонун ҳужжатлари ратификация қилиниб, миллий қонунчилигимиз такомиллаштирилиб борилмоқда.  

Сўнгги йилларда қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, илгари “ёпиқ” бўлган зўравонлик мавзусини кенг ёритиш имконини беради. “Истиқлол авлоди” ННТ томонидан ташкил этилган навбатдаги брифингда “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни  реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказининг 2020 йил 8 ойи давомидаги фаолияти” ҳақида ахборот берилди.

Марказ ҳуқуқшуноси Умид Бегматовнинг айтишича, ўтган давр мобайнида реабилитация марказига 982 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 859 нафарини аёллар, 85 нафари эркаклар ва 38 нафари 18 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Мурожаатчиларнинг 126 нафари шахсан, 814 нафари ишонч телефони, 31 нафари маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлимлари, 7 нафари ҳуқуқ тартибот органлари орқали марказ ходимлари билан боғланишган. Мурожаат қилганларнинг 979 нафари оиладаги зўравонликдан шикоят қилган бўлса, 3 та мурожаатчи иш жойидаги зўравонликдан жабр кўрган. 47 нафар аёллар реабилитация марказида жойлаштирилган бўлиб, уларнинг 10 нафари одам савдоси жабрланганлар ҳисобланади.

Шу вақтгача марказ ташаббуси билан реабилитация қилинган аёлларнинг 6 нафари бепул уй-жой билан таъминланган бўлса,  14 нафарининг ҳужжатлари тиклаб берилган. 18 нафарининг бандлиги таъминланган. 28 нафари касбга ўқитилган. Уларнинг 33 нафари оиласига қайтарилган. 78 нафар мурожаатчига тиббий ёрдам кўрсатилган.

8 ойда 451 та  жабрланувчиларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган бўлиб, шунинг 96 таси ҳуқуқшунос маслаҳати, 22 таси ариза ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш, 17 таси ҳимоя ордери берилишида кўмаклашиш, 315 таси ишонч телефони орқали ҳуқуқий ёрдам кўрсатишдан иборат. 56 нафар мурожаатчига ижтимоий ёрдам кўрсатилган.

Амалга оширилган ишлар натижасида шахсан мурожаат этган 97 нафар фуқаронинг муаммоси ҳал этилган. 45 нафари оиласига қайтарилган. 30 нафари касбга йўналтирилди. 59 нафари яраштирилди ва 8 нафарини иш билан таъминлашга муваффақ бўлинди. Эътиборлиси сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларга ҳам мурожаатлар келиб тушмоқда ва марказ ходимлари ушбу йўналишдаги масалаларни ҳам ўз вақтида ҳал этишга уринишмоқда.

Ҳ.Фозилов – Sangzor.uz бош муҳаррири

 


2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.