Ўзбекистонликлар кўчмас мулкни камроқ сотиб олишмоқда. Бир йил ичида сотувлар 20%дан кўпроққа камайган. Буни Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) таҳлили тасдиқламоқда.
Марказ таҳлилига кўра, август ойида 22,2 мингта кўчмас мулк олди-сотди битимлари рўйхатга олинган, бу июл ойига нисбатан (23 мингта) 3,5 фоизга камайган.
Август ойида ҳудудлар бўйича таққослаганда, энг катта пасайиш Сирдарё (22,6 %) ва Хоразм вилоятларида (13,2%), шунингдек Тошкентда (9,7%) қайд этилган.
Йиллик ўлчовда фаолликнинг сезиларли пасайиши кузатилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бутун мамлакат бўйлаб уй-жой сотуви 20,8 фоизга камайган, бу уй сотиб олишга бўлган қизиқишнинг пасайишини кўрсатади.
Ҳудудлар бўйича йиллик таҳлилга кўра, сотув даражасининг пасайиши бўйича Навоий, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳри етакчилик қилмоқда. Уларда кўчмас мулк сотувининг пасайиши ҳар бир ҳудудда 30% дан ошган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда ўқув йили бошланиши муносабати билан квартираларни ижарага олиш нархи ошган.