Бугун, 17 сентябрь куни тонгда Президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга жўнаб кетди. Бу ташриф давлат раҳбарининг жорий йилдаги Қозоғистонга тўртинчи марта бориши бўлди.
Бугун, 17 сентябрь куни Президент Мирзиёев ўтирган самолёт Остона шаҳридаги аэропортга қўнди. Президент матбуот хизматига кўра, давлат раҳбарини қозоғистонлик ҳамкасби мамлакатда бўлиб ўтадиган иккинчи "Марказий Осиё – Германия" саммитида иштирок этиш учун чақирган.
Маълумот учун, 15 сентябрь куни Германия канцлери Олаф Шольц Ўзбекистонга келганди ва мамлакат билан бир қатор келишувлар тузганди. Шундан сўнг Олаф Шольц Ўзбекистондаги сафарини якунлаб Қозоғистонга учиб кетди.
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни ҳам Президент амалий ташриф билан Қозоғистон пойтахтига борган. Унда давлат раҳбари Остона шаҳрида бўлиб ўтган V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросимида қатнашган эди.
Шунингдек, Мирзиёев 7 август куни ҳам Остонада бўлиб, "Марказий Осиё + Япония" форматидаги мулоқотда иштирок этганди.
Бундан ташқари, давлат раҳбари жорий йилнинг 3 июль санасида ҳам Қозоғистонга давлат ташрифи билан борган. Унда Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ва "ШҲТ плюс" форматидаги учрашувда иштирок этиш учун мамлакатда бўлганди.