Энди таълим кредити фақат кундузги таълим шаклида ўқийдиганлар учун ажратилади

Улашиш:

Вазирлар Маҳкамасининг 16 сентябрдаги қарори билан таълим кредити ажратишга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Эндиликда олий ва профессионал таълим ташкилотларида таҳсил олиш учун таълим кредитини фақат кундузги таълим шаклида ўқиётган талаба ва ўқувчиларга ажратиш тизими йўлга қўйилади.

 

Олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган иккинчи ва ундан юқори босқич талабалари учун фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсатгичи «3» дан паст бўлган тақдирда, тўлов-контракт суммасининг кўпи билан 80 фоизи миқдорида таълим кредити ажратиш амалиёти жорий қилинади.

 

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оилалар фарзандлари бундан мустасно.

 

Шунингдек, олий таълим ташкилотлари талабалари учун таълим кредити улар тўғрисидаги маълумот Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг kontrakt.edu.uz ва HEMIS ахборот тизимида, ўрта-махсус ва профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари учун эса улар тўғрисидаги маълумот prof.edu.uz ахборот тизимида мавжуд бўлган тақдирда ажратилади.

 

Ҳукуматнинг ушбу қарори президентнинг 2024 йил 27 майдаги фармони асосида қабул қилинди. Олий таълим ташкилотларининг биринчи босқич талабалари ҳамда профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари учун таълим кредити тўлов-контракт суммаси миқдорида ажратилади.

 

Ҳужжат 17 сентябрдан кучга кирди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.