Ўқувчи учун тушлик — чириган олма, қуртлаган ширинлик ёхуд боланинг бегонаси бўларкан

Ўқувчи учун тушлик — чириган олма, қуртлаган ширинлик ёхуд боланинг бегонаси бўларкан

2021 йил 21 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёев республика фаоллари олдида қилган маърузасида шундай деган эди: «Қорақалпоғистонда келгуси йилдан бошлаб, 1-4 бошланғич синф ўқувчилари учун бепул тушлик бериш йўлга қўйилади. Бунинг учун, бюджетдан йилига 100 миллиард сўм ажратилади. Бу болажонлар – менинг болаларим. Оналарида соғлиқларида муаммо бор, энди болаларда бўлмасин...»

Мана шу эзгу ташаббус ортидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 472-сонли қарори имзоланди, қарорки Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида. Қарорнинг бошида 2022 йил учун Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти маҳаллий бюджети параметрларида мазкур ҳудудлардаги бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш учун 100 миллиард сўмдан, жами 200 миллиард сўм ажратилганлиги, тажриба-синов доирасида 2021/2022 ўқув йили якунига қадар бепул овқатлантиришни ташкил этиш учун тегишли маҳаллий бюджетларда назарда тутилган маблағлардан Халқ таълими вазирлигига 100,6 миллиард сўм йўналтирилгани маълум қилинганди. Хўш, бу тажриба синов ўзини оқладими?

Йўқ-да, оқламади. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Ахборот хизматининг хабар беришича, куни кеча айрим мактабларда ўқувчиларга санитария эпидемиология бўлими ходимлари томонидан сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари берилгани аниқланди, маҳсулотларки чириб кетган олма ва қўнғиз босган ширинлик. Мазкур озиқ-овқат маҳсулотлари махсус автомашиналарда эмас, йўловчи ташиш транспортида етказиб берилмоқда. Агар олмалар сифатли, ширинликлар қуртламаган бўлганда қарор ижроси тўлиқ таъминланган бўлармиди? Келинг, Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарорига илова қилинган низом билан қисқача танишиб чиқамиз. Яъни,  ушбу низом Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги  мактабларда 1–4-синфлар ўқувчиларини кейтеринг усулида соғлом овқатлантириш тизимини ташкил этиш тартибини белгилайди.

Кейтеринг тизими нима?

Ушбу тизим хориж тажрибаси бўлиб, ҳудудларда овқатланишни шартнома асосида ташкил этиш, овқатларни тайёрлаш, етказиб бериш ва тайёр пазандачилик маҳсулотларининг чакана савдосини амалга ошириш хизматларини кўрсатади. Низомда белгиланганидек буюртмачи – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Хоразм вилояти ҳокимлиги. Хўш, буюртмачилар низомда кўрсатилганидек кейтеринг тизими шартларидан хабардорми? Яъни, буюртмачи ўқувчиларни овқатлантиришни кейтеринг усулида ташкил этишда қуйидагиларга риоя қилиши шарт: кейтеринг ташкилотини қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ танлаб олиш, улар томонидан амалга ошириладиган хизматлар сифати юқори даражада сақлаб қолинишини талаб қилиш...

5-бандда эса кейтеринг ташкилоти ходимлари мактабнинг тегишли ҳудудига олдиндан тақдим этилган ва Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхат асосида белгиланган тартибда киради ҳамда мактаб биносида ҳаракатланади, дейилган. Юқорида номлари келтирилган мактабларда кейтеринг қай ҳолатда ҳаракатланган экан-а?

Кейтеринг ташкилотларининг жавобгарлигига эътибор қаратинг: улар харид қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёрланаётган таомлар сифатлилигидан тортиб  фойдаланиладиган технологик жиҳозлар санитария қоидалари, нормалари, гигиена нормативларига мослигига, таом тайёрлаш технологияси қоидаларига риоя қилишдан тортиб ошпазларнинг ҳар беш йилда малака ошириши, ошпазларнинг тиббий кўрикдан ўтган ҳолда ишга қўйилиши учун жавобгар ҳисобланади. Энди савол туғилади қуртлаган олма ва суварак босган ширинликка қайси ошпаз масъул?

Сичқон еган ширинлик

Эҳ-ҳе низом билан танишсангиз инсон қадрини ҳис қиласиз... Лекин ижтимоий тармоқларда ўтган йили 15 декабр куни  Қорақалпоғистоннинг Беруний туманидаги мактабларнинг бирида ўқувчиларга тушлик сифатида берилаётган тошдай қаттиқ ширинликларнинг суратини кўриб инсон қадри шуми дегингиз келади.  

 фото: ижтимоий тармоқлар

Ушбу сифатсиз тушликдан кейин ютубга Берунийда бу борада олиб борилаётган ишлар юзасидан қўйилган видеода на кейтеринг хизматини ўз зиммасига олган тадбиркор ёки мактаб, на ҳокимлик ходимларининг кейтеринг хизматидан умуман хабари йўқлигини билсангиз бўлади. Боиси йиғилганлар қадоқланган булочка ва ширинликларни муҳокама қилишаркан, улар иссиқ тушликни умуман тилга олишмади. Афсуски, таъминотчи, яъни кейтеринг ташкилоти 2 кун олдин ваъда қилган  ўзгаришни амалга оширмаган.

Шу ўринда ўша хабарларга ёзилган изоҳлардан ҳам билса бўладики, бу тошдай қаттиқ ширинликлар фақат битта мактаб муаммоси эмас: «Бу каналга расмни кандай ташласа бўларкина, қизимга берган ширинликни расмга тушириб қўйибман, қуртлаган, сичқон еган  печенени берган инсофсизлар, ўзларининг болаларига берармикан?».

«Ассалому алейкум бу нарсаларни берманглар иложи бўлса, исрофгарчилик, болаларимиз емайди, итга, товуққа бериб ўтирибмиз, чиқиндига ташламаймиз-ку увол...»

«38-мактабда бир ой берилди, ундан кейин берилмай қўйди...».

«Мактаб ошхоналарини очиб янги-янги овқат пишириш керак, ошпаз ҳам виждонли, тозаликка риоя қиладиган бўлиши керак.», «шу ажратилган пулга мактабларда ошхона қуриш керак, ошхоналарнинг барини тадбиркорлар эгаллаб дўконга айлантиришган».

Кейтеринг ташкилоти қандай танлаб олинади?

Кейтеринг ташкилотини танлаб олиш Вазирлик томонидан тасдиқланган техник талабларга кўра, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги  қонунига мувофиқ харид қилиш тартиб-таомиллари асосида тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан ўтказиладиган танлов (тендер) якунлари бўйича амалга оширилади. Танлов (тендер) ўтказиш бўйича эълонлар ва қўйиладиган умумий талаблар Вазирлик томонидан буюртмачига тақдим қилинади ҳамда буюртмачи томонидан давлат харидлари электрон тизимининг махсус платформасига ва оммавий ахборот воситаларига жойлаштирилади. Танловга буюртмачи томонидан умумий ўрта таълим муассасаларининг географик жойлашувини ва улар ўртасидаги масофани инобатга олган ҳолда алоҳида лотлар жойлаштирилади. Қаранг, бу қанчалар мураккаб занжир. Демак, чирик олма ва қуртлаган ширинлик айбдорлари мактаб директорларигина эмас экан. Вазирлик кейтеринг ташкилоти фаолияти устидан доимий мониторинг олиб боради, деган жойлариям бор. Қуртлаган олма ва қўнғиз босган ширинлик наҳот мониторинг пайтда эътибордан четда қолган бўлса.

Эътибор беринг, кейтеринг ташкилоти таомларни ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган тартибда тасдиқланган таомнома асосида тайёрлайди ва ўқувчиларга етказиб бериш чораларини кўради – тайёр таомларни қадоқланган, бир марта ишлатиладиган қутиларда совиткич мосламаси ўрнатилган махсус автотранспорт воситаларида мактабларга етказади. Етказиб берилган таомлар таркиби ва сифати устидан доимий назоратни таъминлаш мақсадида ҳар бир мактабда 5 нафар (мактаб директори, ҳамшира ва ота-оналар вакиллари) аъзодан иборат таркибда махсус комиссия тузилади. Чириган ва қуртлаган олмаларни наҳотки 5 нафар махсус комиссия аъзолари кўзини чирт юмиб ўтказиб юбордилар ёки ўзлари фарзандларига шу олмаларни раво кўришадими?

Вазирлик Ўзбекистон Аутсорсинг хизматлари кўрсатувчи корхоналар уюшмаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг тегишли ҳудудий бошқармаси билан биргаликда кейтеринг ташкилоти томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифати устидан доимий назоратни амалга оширади.Ўрганиш натижаларига кўра, кейтеринг ташкилотини «инсофли ижрочи» ёки «инсофсиз ижрочи» рўйхатига киритишни зиммасига оларкан, демак қуртлаган олмада вазирликнинг ҳам ҳиссаси бор...

Маълумотга ҳам эга эмас

Буюртмачилар эса кейтеринг ташкилоти томонидан етказиб берилган тайёр озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳисоб-фактура ҳужжатлари «kundalik.com» платформасида шаклланган маълумотларга мослигини текшириши ҳақида умуман маълумотга ҳам эга бўлмаса керак.

Демак, бу қарорда, низомда кўрсатилган талабни на вазирлик, на ҳокимлик бажармаган. Эпидемиология назорати фақатгина сифатини текшириш билан кифояланган, ваҳоланки, бир марта тушлик дегани чириган олма ва қўнғиз босган ширинлик дегани эмас, контейнерда етказиб бериладиган иссиқ овқат дегани... 

фото: ижтимоий тармоқлар

Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков ҳам ўтган йили1 ноябрь куни халқ таълими соҳасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистон Республикасида мактаб ўқувчиларига бепул тушлик бериш билан боғлиқ муаммога танқидий  ёндашганди. Яъни, ўтиб бораётган янги ўқув йилида Хоразм вилоятида кейтеринг усулида бепул овқат бериш 94 фоиз мактабларда йўлга қўйилган бўлса, Қорақалпоғистонда тендер танловларини ўтказиш давом этаётганлиги боис ушбу амалиёт ҳали тўлиқ бошланмагани ҳақида маълумот берганди.

Сардор Умурзаков Президентнинг хайрли ташаббуси ижросига нисбатан масъулларнинг бундай сусткашликка йўл қўйгани учун эътироз билдираркан:«19 сентябрь деяпсиз, ахир ўқув йили қачон бошланади? Наҳотки, давлат раҳбарининг топшириғини мактаб даври бошлангунча йўлга қўйиб бўлмаса? Барча зарур маблағлар ажратиб берилган», – дея куюнганди.

Башорат тўғри чиқди

Нимагадир қандай бир хайрли ишни йўлга қўйишни бошласак орқасидан албатта миси чиқади. Президент Шавкат Мирзиёев болаларни текин овқатлантириш ташаббуси ижтимоий тармоқларда ёйинланганида жуда кўпчилик хурсанд бўлган эди, лекин жуда кўпчилик ўша пайтиёқ бу тушликка ажратиладиган пуллар талон-тарож бўлишини башарот ҳам қилишган экан. 

«Эй барака топкурлар бу давлатнинг болаларини боғчасидан бошлаб 11-синфигача ҳаммасининг ёппасига қон таҳлилини қилинглар, энг оддий гемоглобин даражасини билинглар, статистикани очиқчасига кўрсатинглар, ҳудудма ҳудуд. Кейин хаммаси тушунарли бўлади ҳаммага, врачларга ҳам, ўқитувчиларга ҳам, раҳбарларга ҳам, одамларга ҳам. Таълим бериш сифати жуда хароб аҳволдалигини ҳамма билади, лекин ўша хароб бўлса ҳам берилаётган таълимнинг нега ўзлаштирилиши яхши эмаслиги масаласини   ҳеч ким ўйлаб кўрмади ҳалигача...»

«Ўсаётган организмга, ўқувчига етарли даражада кунлик витаминлар ва минераллар берилиши керак, кўпчилик етишмовчилик орқасидан болаларнинг ўқиш ва миясининг қабул қилиш даражаси тушиб кетди ўтган йиллар давомида».

«Бизда тупроқда йод йўқ, демак ерда ўсадиган емишда, меваларда ҳам йод йўқ, океанда эса кўп. Бизда океан йўқ, демак йод таблеткасини аптекадан сотиб олиш керак бўлади, бўлмаса ўсаётган боланинг мияси ривожланиши орқада қолади ва бу бир умрга етади, аёлларда ҳам йод етишмаса боласи носоғлом, ақли бўш бўлиб туғулиши мумкин».

«100 миллиард...болаларга битта булочка билан бир бўлак сариёғ бериб қолгани туя...»

«Семиз-семиз  буфетчи опалар пайдо бўлишаркан-да».

«Бизда бепул нонушта етказиб бериш учун тизим мавжуд эмас, бу яна бюджетни ўмаришга асос бўлади... каламушлар бўрсиққа айланади...»

«Ундан кўра 2 ёшгача бўлган бола пулини ҳаммага баравар беришни қайтариш керак...»

Оддийгина ичимлик суви йўқ-ку

Бугунги чириган олма қўнғиз босган ширинликка эса жамоатчилик фаолларидан бири иқтисодчи блогер  Отабек Бакиров шундай муносабат билдиради:

«Жўқорғи Кенгес раиси топшириғи билан мактабларда «бепул нонушта» қандай йўлга қўйилганини Кегейли тумани мисолида ўрганилипти. Ўрганишлар болаларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатсиз ёки яроқсиз экани, мактабларда оддий ичимлик суви ёки иссиқ чой тайёрлашга имкон йўқлигини кўрсатган.

Албатта, бу камчиликлар рўй-рост айтилаётгани яхши. Лекин кўзда тутилаётган ечимлар ўша-ўша: камчиликларни бартараф этиш, айбдорларга чора кўриш.

Ҳеч бир масъул ҳозир мактабларда болаларга зарурроқ ёрдамлар нималар эканининг рўйхатини тузмаган. Балки, бу оддийгина нормал ҳожатхонанинг мавжуд бўлишидир? Балки бу сувнинг, майли иссиқ сув бўлмасин, оддийгина ичимлик сувининг бўлишидир? Балки зарурият спорт зали билан боғлиқдир? Иккинчи ва учинчи сменада ўқиётганлар учун бу биринчи сменада ўқиш имконияти бўлиши мумкин. Юзлаб мактаблар буржуй печкалар билан иситилади. Балки қозонхоналар зарурроқдир.

Масъуллар орасида бундай саволларни берадиганлар ҳозирча йўқ. Қайдан ҳам бўлсин, улар «лаббай, хўп бўлади» ижрочилар, улар Тэтчер эмаслар.

Қорақалпоғистон ва Хоразмда йилига 100 млрд.дан, тез орада бутун Ўзбекистон бўйлаб бир неча триллион «бепул нонушта»га сарфланади. «Бепул нонушта»нинг асл мазахўраклари (улар асло болалар эмас), бу кун келишини тамшаниб кутиб ўтиришипти.»

Яна талон-тарож бўлмасмикан?

Келаси ўқув йилидан барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам бепул овқатланиш жорий этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида айтилди:

«Йил бошидан Қорақалпоғистон ва Хоразмда 285 минг нафар бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш йўлга қўйилди. Бу борада етарли тажриба орттирдик.

Энди, келаси ўқув йилидан ушбу амалиёт қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилади ва бунинг учун 2,3 триллион сўм ажратилади».

Яна ниятлар эзгу, қарорлар меъёрида, тажриба орттирганимиз ҳам, сифатли овқатлар етказиб берилаётгани ҳам бор гап. Лекин бирники мингга, мингники туманга деганларидек, юқорида мисол келтирганимиз қуртлаган олмаларини, сичқон еган ширинликларини, моғорлаган булочкаларини жондан азиз болажонларимизга ўтказмоқчи бўлиб юрган каламушларимиз ҳам тажрибалари билан ўртоқлашиш учун тайёр тургани сир эмас.

Барно Султонова