Ўзбекистон Швейцариянинг Stadler компаниясидан поезд сотиб олади

Улашиш:

Улар Ўзбекистон темир йўлларида синовдан ўтказилади.

'Ўзбекистон Швейцариянинг Stadler компаниясидан поезд сотиб олади'ning rasmi

Ўзбекистон Швейцариянинг Stadler компаниясидан иккита поезд сотиб олиш ниятида. Бу ҳақда 30 сентябрь куни Сенат йиғилишида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, янги поездлар мамлакат темир йўлларида синовдан ўтказилади, сўнгра ушбу поездларнинг катта партиясини сотиб олиш имконияти бўйича қарор қабул қилинади.

Транспорт вазирлиги раҳбари 13 сентябрь куни Stadler Rail компаниясининг МДҲ давлатлари бўйича раиси Александр Луфт билан учрашувда ўзаро ҳамкорликни муҳокама қилганди. 

Унда томонлар ҳамкорликнинг потенциал йўналишларини, жумладан, электропоездларни харид қилиш, хизмат кўрсатиш бўйича маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш, шунингдек, харид қилинадиган маҳсулотларни Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш имкониятларини муҳокама қилди.

Музокаралар якунида томонлар Ўзбекистон Республикаси йўловчи темир йўл тармоғи эҳтиёжларига мувофиқ компаниянинг потенциал имкониятларини ва Stadler МДҲ ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг ҳар бир сегменти учун компаниянинг нарх сиёсатини батафсил ўрганиш бўйича келишувга эришди.

2019 йилда Stadler "Ўзбекистон темир йўллари" аксиядорлик жамияти билан Ўзбекистонда енгил вагонлар ишлаб чиқариш, шунингдек, уларни Марказий Осиё мамлакатларига келгусида экспорт қилиш масалаларини муҳокама қилган.

Компания "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти томонидан 34 та электропоезд сотиб олиш бўйича тендерда ҳам иштирок этган. 

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.