Фуқаро Мафтуна (исми ўзгартирилган) - 2004 йил 7 ноябрда Дўстлик туманида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, турмушга чиқмаган.
Унинг ота-онаси ажрашиб кетишган, отаси бошқа оила қурган. Онаси билан Тошкент шаҳрида ижара уйда туриб ресторанда официант бўлиб ишлайди, топган пулларини онасига олиб келиб беради. Онаси билан муносабати яхши эмас, унга онаси томонидан доимий айбловлар ва туҳматлар сабабли оилада кўп жанжал бўлади.
Онаси апрель ойида ишга чиқиб, ишхонасида сирдарёлик йигит билан танишади ва қизини шу йигитга узатмоқчи бўлади. Мафтуна (исми ўзгартирилган) гаплашиб юрган йигити борлигини айтади, онаси айтган йигит эса қиздан 15 ёш катта эканлигини айтиб қарши чиқади. Лекин онаси қизини эшитмайди ва 10 июлга тўй кунини белгилайди. Тўйига 2 кун қолганда, яъни 8 июль куни никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномани олиш учун уйдан чиқиб кетади ва 102-ички ишлар навбатчилик қисмига ҳолат юзасидан хабар беради.
Жиззах вилояти “Istiqlol avlodi” ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказининг Европа Иттифоқи молиявий кўмагидаги “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва давлат органлари ўртасида гендер тенглиги бўйича ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида Жиззах, Наманган ва Самарқанд вилоятларидаги “Аёлларни реабилитaция қилиш ва мослаштириш Республика маркази Жиззах вилояти ҳудудий бўлимларини фаолиятини ўрганиш натижаларидан сўнг туман Оила ва хотин-қизлар бўлими ходимлари томонидан оилада тазйиқ ва зўравонликка учраган фуқаро Мафтунанинг мурожаати марказ ҳуқуқшуносига йўналтирилди. Ҳуқуқшунос томонидан тақдим қилинган хужжатларга асосан Дўстлик туман ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда рақамли “Ҳимоя ордери” расмийлаштирилди.
Мафтуна онаси томонидан руҳий, жисмоний зўравонликка учраганлиги сабабли руҳий, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш учун Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика маркази Жиззах вилояти ҳудудий бўлими вақтинчалик ётоқхонасига жойлаштирилди.
Маҳалла инспектори билан ҳамкорликда марказ ҳуқуқшуноси У.Бегматов томонидан ҳолат ўрганилиб, зўравонга нисбатан қонуний чора кўриш масалалари атрофлича таҳлил қилинди. Оила аъзоларига ҳамда Мафтунага Оила кодексининг 13-14-моддалари бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.