Ўзбекистон ниҳоят Россия каби Ягона давлат имтиҳонига ўтишга қарор қилган

Улашиш:

Ўзбекистонда мактаб битирувчилари учун Ягона давлат имтиҳонини (ЯДИ) жорий этишни назарда тутувчи президент қарори лойиҳаси тайёрланган. Тест синовларида тўпланган баллар абитуриентларни олий ўқув юртларига қабул қилиш учун асос бўлади. 

Ҳужжатда бештадан тўққизтагача фанлар бўйича тест шаклида имтиҳон олиш таклиф қилинмоқда. Учтаси мажбурий бўлади: она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ ёки бошқа), математика ва Ўзбекистон тарихи. Бундан ташқари, ОТМда ўқиш учун танланган йўналишга қараб, иккитадан тўрттагача умумтаълим фанларидан имтиҳон топшириш керак бўлади.

Тест натижаларига кўра, битирувчиларга электрон шаклда шаҳодатнома берилади ва унда тўпланган баллар кўрсатилади. Бу уларга ОТМларга қабул кампаниясида иштирок этиш имконини беради. Тестда қатнашмаган ёки уни қониқарсиз топширганлар имтиҳонни қайта топшириш ҳуқуқига эга бўладилар.

Шу билан бирга, ҳар йили Халқ таълими вазирлиги битирувчиларга шаҳодатнома ёки диплом олиш учун зарур бўлган мажбурий фанлар бўйича минимал баллни белгилайди.

Янги тартибни 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу чет эл фуқаролари ва президент мактаблари битирувчиларига тааллуқли бўлмайди. 

Эслатиб ўтамизки, Шавкат Мирзиёев ҳали 2020 йилнинг бошида мактабларни ягона давлат имтиҳонига ўтказишга доир ҳужжатни тайёрлаш ҳақида топшириқ берган эди. Ўша пайтнинг ўзида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Ягона давлат имтиҳонини жорий этишни назарда тутувчи президент фармони лойиҳаси тайёрланган эди, аммо масала жойидан силжигани йўқ.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.