Ўзбекистон–АҚШ: Виза режимини енгиллаштириш бўйича музокаралар бошланмоқда

Улашиш:

Ўзбекистон Америка Қўшма Штатлари билан ўзаро виза талабларини енгиллаштириш юзасидан музокаралар ўтказиш ниятида. Президентнинг 15 май куни қабул қилинган фармонига кўра, Ташқи ишлар вазирлигига АҚШ билан тегишли келишувларга эришиш вазифаси юклатилди.

Ҳужжатга асосан, Ўзбекистон фуқароларининг АҚШга ташрифларини соддалаштириш, шунингдек, Америка фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш имкониятини жорий этиш масаласи кўриб чиқилади. Хусусан, АҚШ фуқароларига 30 кунгача визасиз режим жорий этилиши мумкин.

Бу ташаббус мамлакатда туризм соҳасини жадал ривожлантириш ва хорижий меҳмонлар оқимини ошириш мақсадида амалга оширилмоқда. Президент фармонида туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатида эътироф этилган. Режага кўра, 2025 йил охирига қадар Ўзбекистонга 15,8 миллион хорижий сайёҳни жалб этиш ва туризм хизматлари экспортини 4 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2025 йил 1 июндан бошлаб Баҳрайн, Қувайт ва Уммон фуқаролари учун ҳам визасиз режим жорий этмоқда — улар мамлакатда 30 кунгача эркин қолиш ҳуқуқига эга бўлади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.