Қурилиш остига тушган дарахтларни кўчириб ўтказиш бўйича “Жамоатчилик эшитуви” ўтказилди

Улашиш:

Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов туманларини боғловчи 4К-253а Ислом Каримов шох кўчасидан М-39 "Тошкент-Термиз" автомобиль йўлига уланувчи янги йўналишдаги, 700 пм узунликдаги йўл ўтказгич ҳамда М-39 "Тошкент-Термиз" автомобиль йўлига уланувчи янги йўналишдаги, 4 км узунликдаги автомобиль йўлининг қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Йўл ўтказгич қурилиши объекти ва Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтадиган автомобиль йўлининг қурилиши остига тушган дарахтларни сақлаб қолиш, уларни қонун талаблари доирасида бошқа жойга кўчириб ўтказиш ҳамда амалга оширилаётган ишларнинг ижтимоий ва экологик аҳамиятини кенг оммага тарғиб қилиш мақсадида “Жамоатчилик эшитуви” ташкил этилди.

Тадбирга Жиззах шаҳар ва Шароф Рашидов туманлари ҳокимликларининг масъул вакиллари, вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси масъуллари, Жизах шаҳрининг Мирзо Улуғбек ва Шароф Рашидов туманининг “Катта қишлоқ” МФЙ фаоллари ҳамда жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.


“Жамоатчилик эшитуви”да жамоатчилик вакилларига қурилиш объекти остига тушган Жиззах шаҳар ҳудудида ўсиб турган 11 дона манзарали ва мевали, Шароф Рашидов тумани ҳудудида ўсиб турган 256 та тут дарахтларини бошқа жойга кўчириб ўтказиш таклифи маълум қилинди ва уларнинг бу борада фикр ва мулоҳазалари ўрганилди.

“Жамоатчилик эшитуви”да мазкур қурилиш объекти аҳоли учун бир қатор имкониятлар яратиши, жумладан,  “Янги Ўзбекистон” массивига бориладиган йўлни янада яқинлаштириши, йўлларда юзага келадиган автотранспорт  воситалари тирбандлиги муаммоларининг бартараф этилиши, қолаверса, автотранспорт воситаларидан атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли газларнинг камайиши каби ижобий жиҳатлари ҳақидаги фикрлар билдирилди. 

Шунингдек, масъуллар дарахтларни кўчириб ўтказиш учун  куз мавсумининг айни вақти эканлиги, ҳудуд иқлим омилларининг зарарсизлиги,  шунингдек, дарахтлар махсус техника воситаси ёрдамида кўчириб ўтказилишининг афзалликлари  ҳақида гапирдилар.

Тадбирда ОАВ вакиллари, блогерлар ва жамоатчилик вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

Жиззах вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.