Туркия аэропортида ўз ичида 9,2 килограмм олтинни олиб ўтказган ўзбекистонлик аёллар ҳибсга олинган.
Воқеа 2 октябрь куни Измирда содир бўлган. Контрабанда билан курашиш Бошқармасига бир нечта аёллар ноқонуний тарзда олтинни олиб ўтишга ҳаракат қилаётгани ҳақида хабар борган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари Бирлашган Араб Амирликларидан Туркияга учиб борган олти нафар Ўзбекистон фуқаросини аэропортдан чиқишда ҳибсга олишган. Шунингдек, қоидабузарларларни кутаётган шахс ҳам ушланган.
Автомобиль кўздан кечирилганда, полиция ходимлари ҳар бири 110 граммдан 82 та олтин қуйма, 18 та ўйин приставкалари ва 3 та смартфонни топиб, мусодара қилишган.
Бундан ташқари, аёллар ўз ичларида деярли яна шунча олтин олиб ўтишгани маълум бўлган. Ҳар бири 110 граммдан 84 та олтин қуймани чиқариб олиш учун жарроҳлик амалиёти қўлланилган. Олинган олтиннинг умумий оғирлиги 9,2 килограммни ташкил этган.
Олиб ўтишга уринилган оғирлиги 18,5 килограмм бўлган 166 та олтин қуйманинг умумий бозор нархи 1,5 миллион долларни ташкил қилади.
Жиноятда иштирок этган барча шахслар ҳибсга олинган.
Эслатиб ўтамизки, май ойида Дубайдан борган икки нафар Ўзбекистон фуқароси бир неча килограмм контрабанда олтин билан Ҳиндистон аэропортида ушланган эди.