Дрон учириш нега жиноят?

Улашиш:

Сўнгги йилларда дронлар тобора оммалашиб бормоқда ва Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Бироқ дронлардан фойдаланишнинг кўпайиши билан хавфсизлик ва махфийликни таъминлаш учун қоидаларга эҳтиёж пайдо бўлади.

Аввало шуни таъкидлаш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида учувчисиз учиш қурилмаларидан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш чоралари тўғрисида»ги 2014 йил 26 ноябрдаги 322-қарорига мувофиқ, 2015 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон ҳудудига учувчисиз учиш қурилмаларини олиб кириш тақиқланган.

Шунингдек, 2019 йилда қонун билан Жиноят кодексига 244-4-моддаси қўшилиб, унга асосан рухсат этилмаган ҳолатда дронларни ўтказиш, олиб кириш, сақлаш, фойдаланиш учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Ушлаб қолинган дронлар суд қарорига кўра мусодара қилинади.

Албатта, қонунчиликда жазодан қутулиб қолиш имкони ҳам тақдим этилган. Бунда фуқаро қурилмасини ўз ихтиёри билан мутасадди идораларга топшириши лозим.

Дарҳол айтиб ўтиш керак, Ўзбекистонга учувчисиз учар қурилмалар, яъни дронларни олиб кириш, улардан фойдаланиш, сотиш ва сотиб олиш – давлат наздида, одам ўлдириш билан баробар оғир жиноят. Ҳатто 5 йил давомида вояга етмаган етим қизларни зўрлаб келган педофил амалдорларга ҳам 1,5 йиллик шартли уй қамоғи берилаётган бир вазиятда, дрон қоидаларини бузиш жарима ёки ҳатто 8-10 йиллик қамоқ жазосига сабаб бўлиши мумкин.

Аэропорт каби махсус тартибли ҳудудда учувчисиз парвоз аппаратидан фойдаланиш эса базавий ҳисоблаш миқдори(БҲМ)нинг 100 бараваригача миқдорда жаримага тортилиши мумкин, лицензия олмаган ҳолда учувчисиз парвоз аппаратидан фойдаланиш эса БҲМнинг 50 бараваригача жаримага тортиш билан жазоланади.

Агар бу қоидабузарлик жарима тўлангандан кейин такроран содир этилган ёки ўз ортидан ўртача оғирликдаги жароҳат ёки оғир жароҳатга олиб келган бўлса, унда айбдор одам 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 ой ҳибсга олиниш кўринишидаги жиноий жавобгарликка тортилади.

Одамнинг ўлимига олиб келган дронлар билан ҳаракатлар 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача эркинликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Қурбонлар, фожиа ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган ҳаракатлар 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этишга олиб келади.

“Тенглар ичида тенгроқ”лар учун истисно ҳолатлар ҳам мавжуд

Давлат бирор тақиқлов қўйганида асосан оддий фуқароларни назарда тутади. Масалан, Шимолий Кореяда мобил телефон ва интернетдан фойдаланиш тақиқланади. Аммо юқори лавозимдаги коммунист раҳбарлар "чириган Ғарб" цивилизациясининг бу мўъжизаларидан бемалол фойдаланишлари мумкин.

Ўзбекистонда ҳам оддий фуқароларга дрондан фойдаланиш тақиқланган бўлса-да, оддий бўлмаган шахслар учун чеклов деярли йўқ.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 12 майдаги қарори билан зарурат туғилган ҳолларда айрим ташкилотларнинг мазкур қурилмаларни Ўзбекистонга олиб кириш, реализация қилиш ва фойдаланишига рухсат берилган.

Масалан, “Геоинновация маркази” ДУК томонидан ер ресурслари, геодезия, кадастр, релъефларни тасвирга олиш бўйича бу қурилмаларни республикага олиб киришга рухсат берилган.

Шунингдек, божхона амалиётида вақтинча олиб кириш деган атама ҳам мавжуд. Бу ҳолатда дронлар олиб кирилади ва маълум бир мақсадда фойдаланилгандан сўнг, қайтариб олиб чиқиб кетилади.

Қуйидаги ташкилотларга истисно тариқасида дронларни вақтинча олиб киришга рухсат берилган:

Маданият ва туризм вазирлиги;

Кинемотография агентлиги.

Ушбу вазирлик ва ташкилотлар томонидан маълум ҳудудларда фильм олиш ёки тарихий обидаларни тасвирга тушириш мақсадида вақтинчалик олиб киришга рухсат берилган.

Ким назорат қилади?

Ҳатто дрондан фойдаланиш рухсат берилган субъектлар ҳам Мудофаа вазирлиги ҳамда авиа хавфсизлик бўйича қўмитани огоҳлантирган ҳолда, ушбу идораларга дронлар ким томонидан олиб келиниши, қаерда фойдаланилиши ва унга жавобгар шахслар бўйича маълумотлар тақдим этилади.

Дронларни олиб кирувчи шахслар уларга шахсан жавобгар ҳисобланади. Бунда ваколатли органлар – ИИВ, ДХХ, солиқ ва божхона қўмиталари ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан уни назорат қилиш белгилаб берилган.

Аслини олганда, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги фуқаро авиацияси агентлиги (ЎзФАА) мамлакатдаги дронлар фаолиятини тартибга солиш билан шуғулланади. ЎзCAA қоидаларига кўра, дронлар оғирлиги ва мақсадига кўра уч тоифага бўлинади: ҳобби, тижорат ва давлат.

Ҳобби дронлари шахсий ёки дам олиш учун ишлатиладиган ва оғирлиги 1 килограммдан кам бўлган дронлардир. Бу дронлар ишлаш учун рўйхатдан ўтиш ёки лицензия талаб қилмайди, лекин улар аэропортлар ёки ҳарбий базалар каби чекланган ҳудудларда эмас, балки 150 метрдан паст баландликда учиши керак.

Тижорат дронларидан эса бизнес мақсадларида фойдаланилади ва оғирлиги 1 килограммдан ошади. Ушбу дронлар ЎзФААда рўйхатдан ўтиш ва фаолият юритиш учун лицензия талаб қилади. Лицензия бир йил муддатга амал қилади ва амал қилиш муддати тугаши билан янгиланиши мумкин. Тижорат учувчисиз учувчи операторлар, шунингдек, жавобгарлик суғуртасини олишлари ва қатъий хавфсизлик қоидаларига риоя қилишлари керак, жумладан, уларга тақиқланган ҳудудларда эмас, балки 500 метрдан паст баландликда учиш мумкин холос.

Ҳукумат дронлари – бу давлат идоралари томонидан кузатув ёки қидирув-қутқарув операциялари каби расмий мақсадларда фойдаланиладиган учувчисиз аппаратлардир. Ушбу дронлар ЎзФAAда рўйхатдан ўтиш ва фаолият юритиш учун лицензия олиши керак. Бироқ улар жавобгарлик суғуртаси талабларидан озод қилинган.

Ушбу қоидалардан ташқари, Ўзбекистонга олиб кирилиши мумкин бўлган дрон турларига ҳам чекловлар киритилган. Камера ёки бошқа ёзиб олиш мосламалари бўлган дронлар учун Ички ишлар вазирлигининг махсус рухсати талаб қилинади, қурол ёки портловчи моддалар бўлган дронлардан фойдаланиш қатъиян ман этилади.

Асил сабаб нимада?

Албатта, дронлар тақиқланган қонунчилик ҳужжатларига берилган шарҳларда бунинг асосий сабаби этиб хавфсизлик кўрсатилган. Масалан, дрон эгалари малакасиз, рухсатсиз, тартибсиз ҳаракатлари билан ҳаводаги бошқа учар аппаратлар парвозига халақит бериши мумкин. Ёки фуқароларнинг шахсий ҳаётига улар рухсатисиз аралашуви ёки бевосита дрон билан тан жароҳати ёки шахсий ва давлат мулкига моддий зарар етказиши мумкин ва ҳоказо.

Ҳатто котрабанда ва наркотиклар ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи гуруҳлар ҳам дронлар хизматидан фойдаланишгани ҳақида маълумотлар бор.

Масалан, 2014 йил 16 декабрда Фарғона вилояти Сўх туманидаги чегарадан номаълум дрон учиб келгани кузатилган. Ўзбекистон ҳарбийлари сўзларига қараганда, қурилма оқ рангда бўлиб, унда ҳеч қандай бошқа белги қайд этилмаган. Дрон Ўзбекистон ҳудудига 7,5 км. Масофагача кириб келган, орқага, яъни, Қирғизистонга қараб қайтиб кетган. Мутахассислар ҳанузгача ушбу учар жисм борасида турлича фикр билдиришади. Аммо бир нарса шубҳасиз — у шунчаки учар ўйинчоқ бўлмаган. Аксарият экспертларнинг сўзларига қараганда, ўша номаълум жисм Қирғизистондан Ўзбекистонга гиёҳванд моддаларни олиб ўтиш билан шуғулланувчи контрабандистларга тегишли бўлиши мумкин.

Аммо Ўзбекистонда дрон тақиқланиши ҳақида айрим экспретлар бошқача фикрда. Маълумки, сиёсий мухолифатчи Алексей Навальний раҳбарлик қилган Коррупцияга қарши кураш фонди Россиянинг бир қатор юқори лавозимли мулозимлари ҳақида танқидий-танқидий видеоматериаллар тайёрлаган эди. Уларда ҳар бир порахўр ва коррпуционернинг уйларию, дала ҳовлилари дрондан суратга олинган ва кўплаб қизиқарли хулосалар ясалган. Бу видеоматериаллар эълон қилинган муддатлар эса Ўзбекистонда дронлар тақиқланиши муддатларига мос келади.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.