Қиш фаслида, айниқса Янги йил кунлари, тоғларда дам олиш, табиат гўзаллигидан баҳраманд бўлиш ва фаол спорт турлари билан шуғулланиш учун ажойиб имкониятдир. Айни вақтда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги машҳур курортлар — “Чимён”, “Белдерсой” ва “Амирсой” дам олувчилар билан гавжум. Бироқ, тоғларда бўлиш хавфсизлик қоидаларига риоя қилишни талаб этади. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қуйидаги тавсиялар билан ўртоқлашади.
Қор кўчкиси хавфидан эҳтиёт бўлинг
Тоғларда “Диққат, қор кўчкиси хавфи мавжуд” белгиси қўйилган жойлардан узоқлашинг. Йўналишга чиқишдан олдин ўз режаларингиз ҳақида яқинларингизга хабар беринг. Ускуналарингизни текширинг — чанғи ёки сноуборднинг соз ҳолда эканлигини таъминланг, дубулға ва ҳимоя воситаларини албатта кийинг.
Йўл қоидаларига риоя қилинг
- Хавф ёки ёпиқ йўллар ҳақидаги огоҳлантирувчи белгиларни инобатга олинг.
- Маст ҳолатда спорт билан шуғулланманг.
- Тушиш йўналишида тўхтаманг ва кўтарилиш йўлига қарши ҳаракат қилманг.
- Бахтсиз ҳодиса содир бўлган тақдирда жабрланувчига ёрдам беринг ва зудлик билан қутқарувчи ёки инструкторни хабардор қилинг.
Гуруҳда ҳаракатланинг ва алоқага эътибор беринг
- Уяли телефонни ўзингиз билан олиб юринг ва унинг зарядланган ҳолда эканлигига ишонч ҳосил қилинг.
- Янги ўрганувчи бўлсангиз, тажрибали кузатувчи билан бирга ҳаракатланинг ва ёлғиз йўлга чиқманг.
- Нотаниш ва узоқ жойларга боришдан тийилинг, чунки қишда тоғларда қор кўчкиси ва кутилмаган жарликлар пайдо бўлиши мумкин.
ФВВ ҳимояси остида
Тоғ-курортларида ФВВ ходимлари кеча-кундуз навбатчилик қилишади. Улар ҳар қандай фавқулодда ҳолатда тезкор ёрдам кўрсатишга тайёр.
Дам олинг, лекин хавфсизлик чораларига амал қилишни унутманг. Шунда таътил кунлари қувончли ва ёрқин хотираларга бой бўлади!