Сардоба сув тошқинидан азият чеккан оилаларнинг фарзандлари учун ажойиб байрам тадбири

Улашиш:

Ҳар йили болажонларнинг севимли байрами 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни қувноқ қўшиқлар ва байрам сайлларига бой бўлиши билан болажонларга қувонч бағишлайди. Чунки болалик такрорланмас ва ёрқин хотиралар билан бир умр ёдда қоладиган ажойиб давр ҳисобланади.

Юртимиздаги пандемик вазият сабабли бундай байрам тадбирларини кутаётган болажонларга қувонч улашиш ва кўнгилларини кўтариш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамда Гулистон шаҳар Никоҳ уйи томонидан Олимпия заҳиралари коллежи биносида вақтинча яшаб турган Сардоба сув омбори тошқинидан жабрланувчиларининг фарзандлари учун байрам тадбири ташкил этилди.

-Менга бугун ўқув қуроллари тўпламини совға қилишди, - дейди тадбир иштирокчиси Нигина Абдуллаева. – Дадам совға қилган ўқув қуролларим сув тошқинида оқиб кетганида роса хафа бўлгандим. Энди яна мактабга тайёргарлик машғулотларимни давом эттираман. Бизга бундай совғаларни беришганидан жуда хурсандман.

Тадбир давомида болажонларга тикланган туғилганлик ҳақида гувоҳномалар ва ранг-баранг китоб ҳамда ўқув қуролларидан иборат байрам совғалариулашилди. Гувоҳномалар ва совғаларни олган болажонларнинг кўзларида қувонч порлади, бу йилги байрам ўзгача тарзда уларнинг ёдида узоқ вақт сақланиб қоладиган бўлди.

ДХА Сирдарё вилояти бошқармаси

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбаси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.