Замона зайли билан янги касбларга талаб ортиб бормоқда. Сиз бир вақтнинг ўзида асосий йўналишингиз билан бирга иккинчи касбни ўрганишингиз ва иккала соҳада муваффақиятга эришишингиз мумкин. Ёки аксинча, ўз ишини ўзгартириб, муваффақиятга эришган ва йўлини топганлар ҳам талайгина. Бугун сизга тақдим этаётган мавзуимиз замонавий касблар орасида ривожланиб келаётган копирайтинг ҳақида. Шу сабабли, копирайтингда фаолият олиб бораётган ва ютуқларга эришиб келаётган копирайтерлар фикрларига қизиқдик. Улар билан бугунги маркетинг талаби, соҳага оид қўлланмалар, турли курслар ҳамда сунъий интеллект ҳақида суҳбатлашдик.
Саид Назриллаев: Копирайтингга бозорда эҳтиёж катта, мутахассис деярли йўқ
Копирайтинг, аслида, матн ҳақидаги касб эмас. Бу ғоялар ва уларни ҳаётга татбиқ қилиш ҳақидаги касб – биз креатив кампаниялар яратамиз, реклама роликлари, ташқи реклама, дигитал фаолликлар ўйлаб топамиз. Замонавий касблар орасида эса копирайтингнинг ўрни бошқача – ким бўлсангиз ҳам, барибир, фикрларингизни аён, тушунарли қилиб етказиб бериш муҳим. Демак, сиз копирайтингдан хабардор бўлишингиз керак.
Аслида, ҳозир копирайтингни ўрганиш учун энг қулай пайт – бозорда эҳтиёж катта, мутахассислар эса деярли йўқ.
Келажакда сунъий интеллект копирайтерлар вазифасини тўлиқ бажара оладими, деган саволга келсак, ҳеч қачон ўрнимизни тўлиқ боса олмайди, негаки, у креатив ёндашишга қодир эмас – айниқса, ўзбекона. У қандайдир оддий вазифаларда (таржима, матнни қисқартириш) ёрдам бериши мумкин, лекин одамнинг ўрнига, афсуски, ишлаб беролмайди.
Ўтган йили дигитал категориясида Cannes Young Lions талқинига кўра, дунё рейтингида 5-ўриндаги ёш креатив-копирайтер сифатида тан олиндим. Бугунги кунгача копирайтинг менга маблағ, тажриба, дўстлар ҳамда Red Jolbors, TAF!, AdBlackSea, Cannes Young Lions каби фестивалларда мукофот олиш имконини берди.
Абдуазим Рустамхўжаев: Ўзбекистонда электромобил ҳайдовчи ягона копирайтер мен бўлсам керак
Мутахассислигим фалсафа бўлгани боис, ҳар бир нарсага кенгроқ қарашга одатланганман. Биз бир нарса ҳақида гапира туриб, унга ўзимизча мазмун бағишлаймиз. Бунинг сабаби, ҳар бир тушунчанинг бир нечта таърифи бўлишида. Копирайтинг тушунчаси билан ҳам худди шундай.
Копирайтинг деганда сиз PR мақолаларини ёзишни назарда тутишингиз мумкин, мен – сотув матнларини, яна кимдир сайтларни SEO оптимизатсия қилишни хаёлига келтирар, бошқа биров эса имловий хатоларсиз ёзишни тасаввур қилади.
Аслида, копирайтинг нима ва копирайтер ким? Мен бу каби саволларга жавоб бермасликка ҳаракат қиламан, чунки тушунчаларга мутлақ тўлиқ таъриф бериб бўлмайди. Бунга уринишлар бўлиши мумкин, вақт ўтиши, тенденциялар янгиланиши билан эса соҳада янги йўналишлар пайдо бўлади, натижада, биз берган таъриф ўз долзарблигини йўқотади.
Аммо классик копирайтинг таърифи мазмунан мана бундай: Копирайтинг – матнлар орқали инсонлар ишончини қозониш ва натижада ўзингизга керакли ҳаракатни бажаришга ундаш. Ҳаракат деганда исталган ҳолат назарда тутилиши мумкин: маҳсулот сотиб олиш, видео кўриш, сайтга кириш, қўнғироқ қилиш ва ҳоказо. Айни шу ҳаракатга ундовчи қисми билан ҳам копирайтинг журналистикадан мутлақ фарқ қилади.
Копирайтингни мустақил ўрганиш бўйича ўзбек тилида ресурслар, афсуски, деярли йўқ. Бу йўналишда қисман ҳаракатлар бор, масалан, кичик курс ва қўлланмалар чиқди, китоблар таржима қилиняпти. Аммо айтишга арзигулик ҳолатга келгунимизча ҳали анча ишлашимиз керак.
Бу соҳанинг бир жозибаси ҳақида кўп гапиришади – копирайтинг билан асосий ишдан бўш вақтда шуғулланиш мумкин. Буни батамом инкор қилолмайман. Айниқса, талабалар, ёш болали аёллар копирайтингдан қўшимча даромад воситаси сифатида фойдаланишади.
Бошқа томондан, биз кўпинча эсдан чиқарадиган бир оддий ҳақиқат бор – ҳар қандай соҳа қилинган эътибор, ҳаракатга яраша натижа беради. Агар сиз копирайтингга иккинчи даражали, қўшимча иш сифатида қарасангиз, ундан топадиган маошингиз ҳам шунга мувофиқ бўлади.
Соҳага кириш осон, лекин киришиб кетиш қийин. Копирайтинг бўйича иш кўп, аммо бозор сифатли ва сифатсиз ишни фарқлашни бошлади. Шу боис, курсларни битириб, соҳага эндигина қадам босганлар бироз қийналиши бор гап. Ўзи ҳар соҳада шунақа, амалиёт бўлмагунча олинган билимлар мукаммал бўлмайди.
Сўнгги пайтларда сунъий интеллект мавзуси ҳам анча долзарб бўлиб қолди. ChatGPT деганлари исталган мавзу, йўналиш ва тилда керакли матнни ёзиб беряпти. Энди у копирайтерларни ишсиз қолдирадими? Профессионал ундай фикрламайди, аксинча, у копирайтер қўлидаги янги иш қуроли, фойдали инструмент. 10 йиллар аввал Google Translate каби машинавий таржимонлар ривожлана бошлаганида “энди таржимонлар ишсиз қолади”, деган гап чиққан эди. Лекин айни дамда менга копирайтингдан кўра, таржима ишлари кўпроқ келиб тушяпти. Нима демоқчи бўлганимни тушундингиз.
Мен ўзимни фақатгина копирайтер эмас, умуман матнлар билан ишловчи мутахассис деб айтаман. Копирайтингдан ташқари таржимонлик, таҳрир, тасъҳиҳ ишлари билан ҳам шуғулланаман. Minim, McCann, Wunder Digital, Web Promotion каби агентликлар билан ҳамкорлик қиламан. Кичик жамоам билан таниқли брендларга хизмат кўрсатамиз.
Копирайтинг ортидан оммага танилдим, моддий томондан анча ютуқларга эришдим – Ўзбекистонда BYD электромобилини ҳайдовчи ягона копирайтер мен бўлсам керак. Яна кўп ва зўр танишлар орттирдим, энг қийматлиси ва муҳими ҳам ўзи шу бўлса керак.
Эъзозхон Исматова: Копирайтингга санъат деб таъриф бергим келади
Бугунги кунда маркетинг бозорида сўзга, ғояга боғлиқ жараёнларга копирайтер жавоб беради. Сўз билан боғлиқ ечимларни у беради. Сўз воситасида ғоялар ишлаб чиқади. Копирайтингнинг аҳамияти тобора ошиб боряпти ва у ҳамма соҳага керак, ҳамма ерга керак. Сўздан тўғри фойдалана олган одам камида фикрини сота олади. Исталган одам билан мақсадга мувофиқ келишув қила олади.
Журналистика, асосан, ахборотни йиғиш, қайта ишлаш ва айнан маълумотларни аудиторияга тақдим этиш билан боғлиқ профессия. Унинг ҳам воситаси сўз. Копирайтингнинг ҳам. Аммо бизнинг соҳада нафақат ахборот берилади, балки кишининг қандайдир хатти-ҳаракатни амалга оширишига мойиллик пайдо қилинади. Сўз мана шундай кучга қодир бўлганидан мен баъзан соҳамизга санъат деб таъриф бергим келади.
Ўзбек тилида копирайтингга доир қўлланмалар етарли эмас. Хориж манбалари эса ҳар доим ҳам бизнинг бозорга тўғри келмайди. Барибир ўрганиш, қайта ишлаш ва мослаштириш керак. Фаолиятимизда чет тажрибасини ўзлаштириб, ўзимизнинг бозорга моҳирона мослаштириш фақат ижобий томонга хизмат қилади. Улар биз учун тайёр траектория, десак ҳам бўлади. Бор манбани тажрибада синаб, ана ундан кейин ўз тилимиздагиларини кўпайтиришимиз керак.
Аксарият ҳамкасбларим фикримга қўшилмайди, аммо копирайтингга кираётган одамнинг саводи яхши, дунёқараши кенг бўлиши керак, ўрганишга ва тез мослашишга тайёр бўлган инсонлар соҳамизда ўзларини топа оладилар, деб ўйлайман. Копирайтингни ҳамма ҳам шу соҳада ишлаш учун ўрганмайди. Ва ҳозирги соҳага оид курсларнинг мақсади ҳам фақатгина копирайтер тайёрлаш эмас. Энг аввало, бу курсларда талабгорлар фикрини сўз ёрдамида қандай сотишни ўрганишади. Уни ғояга айлантиришни, ғояни эса реалликка татбиқ қилишни тажриба қилишади. Давлат берган диплом билан ҳам тўғри бориб, эшик қоқибоқ ишга жойлашиб кетолмайсиз. Копирайтинг курсларини якунлагач ҳам шундай. Энг дастлабки ишни ўз хизматингизни сотишдан бошлайсиз.
Сунъий интеллектга келсак, бизнинг вазифамизни ҳозирча тўлиқ эгаллашига шубҳам бор. Чунки у ўзи одам мияси, онги бажарган функцияларни тўлиқ бажара олмайди. Аммо олимлар бунинг ҳам устида ишлашаётган экан. Шунда ҳам сунъий интеллект копирайтернинг ишини олиб қўяди, деб ўйламайман. Аксинча, ишини осонлаштиради.
Мен соҳага кирганимда шундай вазиятда эдимки, тўкилган, парча-парча бўлган… Аммо кейин ўзимни минг бўлакдан қайта йиғдим. Соҳам эса менга куч, ғайрат, далда берди. Мен учун энг асосийси шулар. Ҳозир мен фарзандларимни истаган боғчамга беряпман, эртага орзумдаги мактабга юборишга тайёргарлик кўряпман, олийгоҳда керакли илм олиши учун режаларимни кўроляпман. Соҳам эса, яна айтаман, менга куч, ғайрат, далда бўляпти. Шунингдек, менга шахс ўлароқ юксалишга имконият беряпти.