Умра учун лицензия олишда янги талаблар қўйилади

Улашиш:

Умра тадбирларини ташкил этувчи фирмалар учун янги талаблар белгиланди

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ янги тартибларни белгилади. Ҳукуматнинг шу йил 9 октябрь кунги қарори билан Дин ишлари бўйича қўмита лицензиясининг бир қатор талаб ва шартлари эълон қилинди.

Жумладан, Умра тадбирларини ташкил этувчилар 1 миллион доллар маблағни “Зиёрат жамғармаси”га захира қилиб қўйишлари шарт.

Қарорда, шунингдек, зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисни тайинлаш; турфирма штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича бир нафар мутахассиснинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумот; вояга етмаган фуқароларга хизмат кўрсатмаслик; ўз фаолиятини туроператор ва турагентлар орқали амалга оширмаслик каби талаблар ҳам белгиланган.

Бундан ташқари, янги ҳужжатда Умра хизматлари Саудия Арабистони подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш ва улар кўрсатадиган хизматлар учун тўловларни банк муассасалари орқали амалга ошириш; зиёратчиларга сифатли хизмат кўрсатиш, хусусан ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш; халқаро йўналишда 2 йилдан кам бўлмаган тажрибага эга, бу даврда йўловчи ташишнинг халқаро ва миллий қонунчилик талабларини бузмаган авиакомпания билан ҳамкорлик қилиш; зиёратчиларни тоифаси 3 юлдуздан кам бўлмаган меҳмонхоналарга жойлаштириш; Умра хизматини 3-давлатлар орқали кўрсатмаслик сингари яна бир қатор шартлар ҳам назарда тутилган.

Эслатиб ўтамиз,  эски лицензиялар билан Умра зиёратларини ташкил этиш 2024 йил октябргача белгиланганди. 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.