Мамлакатларни бирлаштириб. UnionPay бутун дунёни забт этиб, Visa ва MasterCardга рақобатчи бўлмоқда

Улашиш:

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг деярли ҳар учинчи фуқароси халқаро пластик карта олиш ҳақида ўйлаб кўради. Хорижий сайтларда харидлар ва хизматлар учун тўловни амалга оширмоқчи бўлганлар, чет элга саёҳат қилишни ёки халқаро шериклар билан ҳамкорлик қилишни режалаштираётганлар учун у жуда зарур. Ўзбекистон банкларида Американинг VISA ва MasterCard, Россиянинг МИР, шунингдек, кейинги йилларда мамлакатимиз аҳолиси орасида тобора оммалашиб бораётган Хитойнинг UnionPay каби тўлов тизимларининг халқаро карталарини очиш мумкин. 

Тезкор старт 

UnionPay – бу 2002 йилда Хитойда пайдо бўлган тўлов тизими. Унинг акциядорлари мамлакатдаги 200 дан ортиқ йирик банклардир. 20 йилдан ортиқ вақт давомида у нафақат бутун Хитойни қамраб олди, балки деярли бутун дунё бўйлаб муваффақият билан тарқалди.

Бугунги кунда UnionPay амалга оширилган транзакциялар ва чиқарилган карталар сони бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Бинобарин, шуни таъкидлаш керакки, эмиссия ва ўтказмаларнинг аксарияти Хитой ва Жануби-Шарқий Осиё ҳиссасига тўғри келади, аммо кўплаб экспертлар юқори суръатларда ривожланаётган UnionPay яқин келажакда Visa ва MasterCard пластик карталарининг жиддий рақобатчисига айланиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Хусусан, Хитойнинг UnionPay компанияси сўнгги икки йил ичида Россияда катта қулоч ёзди. Санкциялар туфайли Россия банклари Хитой тўлов тизими билан ҳамкорликни йўлга қўйишга ва Visa ҳамда MasterCard карталарига муқобил бўла оладиган ва халқаро тўлов воситаларисиз қолган кўплаб руслар учун нажот бўлган карталарни чиқаришга шошилиб қолишди.

Умуман олганда, бугунги кунда дунёнинг 181 давлатидаги 2 500 дан ортиқ молия институтлари UnionPay билан ҳамкорлик қилмоқда. Тўлов тизимининг веб-сайтида унинг картасидан Жануби-Шарқий Осиё, Ғарбий Европа ва МДҲ, Араб ҳамда Африка мамлакатлари, АҚШ ва Канадада фойдаланиш мумкинлиги ёзилган. Ушбу тўлов тизими карталари дунёнинг 70 та давлати, хусусан, Ўзбекистон банклари томонидан чиқарилади. Бугунги кунга қадар жами 4,7 миллиарддан ортиқ карталар чиқарилган бўлиб, шундан 200 миллиони – Хитойдан ташқарида.

Икки логотипли карталар 

UnionPay Ўзбекистон бозорига 2009 йилда кирган. Хитой республикамизнинг энг йирик ҳамкорларидан бири эканлигини инобатга оладиган бўлсак, ушбу тўлов тизимининг карталари қисқа вақт ичида Ўзбекистон фуқаролари орасида катта шуҳрат қозонди. Хусусан, “Хитой пластиги”дан фойдаланувчилар орасида савдо соҳаси вакиллари анчагина.

UnionPay белгиси туширилган картани республикамизнинг 15 та банкида олиш мумкин. Баъзи банклар картани бепул чиқаради ва куйиб қолмайдиган суғурта депозити бўйича талаблари ҳам йўқ.

Бугунги кунда чет эл валютасида оддий дебет карталарини (Classic, Gold, Exchange) ҳам, кобейж карталарини ҳам (“co badge” – инглиз тилидан қисқартма, “company badge” – белгилар гуруҳи) очиш мумкин.

Кобейж картаси универсал карта бўлиб, у иккита тўлов тизими – маҳаллий UzCard ва Хитойнинг UnionPay тизимига асосланган. Бу Ўзбекистонда ҳам, дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам картадан фойдаланиш имконини беради. Шу тариқа, карта сайёҳлар ва ишбилармонлар учун фойдали бўлади. Бундан ташқари, ушбу ҳамкорлик туфайли UzCard карталари маълум миқдорни ечиб олиш учун PIN-код киритмасдан, тўловларни контактсиз амалга ошириш имкониятига эга бўлди.

UzCard ва UnionPay логотиплари

туширилган карталар республикамизда 2018 йилда пайдо бўлди ва мамлакатимизда қўшма карталар бўйича дастлабки лойиҳага айланди. Ўзбекистонда бундай картадан фойдаланган ҳолда тўловларни сўмда амалга ошириш мумкин, хориждаги онлайн хизматлар ёки харидлар учун тўловларни амалга оширишда миллий валюта бир зумда транзакция вақтида белгиланган энг қулай курс бўйича хорижий валютага конвертация қилинади.

Бундан ташқари, агар сиз хорижий шериклар билан ҳамкорлик қилсангиз ва пул ўтказмаларини амалга ошириш ёки чет элдан пул олишни режалаштираётган бўлсангиз, бундай карта жуда қўл келади. Бунинг учун Хитойнинг Huawei Pay (Хитойда ишлаб чиқарилган телефонларда) каби иловалардан, шунингдек, карта чиқарилган банкларнинг шахсий иловаларидан фойдаланишингиз мумкин.

Дарвоқе, 2021 йилда UnionPay яна бир маҳаллий тўлов тизими – Humo билан ҳамкорлик шартномасини имзолади. Шу боис Ўзбекистон ҳудудида UnionPay карталаридан, ҳатто бошқа мамлакатларда чиқарилган бўлса ҳам, нафақат UzCard инфратузилмасида, балки HUMO банкоматларида ҳам муаммосиз фойдаланиш мумкин. 

Баъзи жиҳатлар 

UnionPay тизими фаол равишда кенгаймоқда, аммо тажрибали карта эгалари қийинчиликлардан ҳали қутилиб бўлмагани ҳақида огоҳлантиришмоқда. Бошқа давлатга боришни режалаштираётганлар бир жиҳатни ҳисобга олишлари керак: чет элдаги барча банклар, банкоматлар ёки чакана савдо нуқталари ҳам Хитой тўлов тизимининг картасини қабул қила олмайди.

Албатта, сайёҳларга мўлжалланган йирик савдо марказлари картани қабул қилишдан бош тортмайди, лекин, масалан, кичик дўконда унинг ёрдамида тўловни амалга ошириб бўлмайди. Шунинг учун, сиз саёҳат қилаётган мамлакатда у қанчалик кенг тарқалганлигини хизмат кўрсатувчи банкдан олдиндан билиб олсангиз – олам гулистон!

Айтганча, UnionPay логотипи туширилган карта АҚШ, Буюк Британия, Германия ва Россияда деярли ҳамма жойда қабул қилинади. Ушбу мамлакатларда “Хитой пластиги” бўйича хизмат кўрсатадиган ва ҳар доим махсус стикер билан ажратилган инфратузилмани топиш қийин эмас. Шунингдек, карта Марказий Осиёнинг деярли барча мамлакатларида эркин муомалада: олувчилар рўйхатида фақат Туркманистон мавжуд эмас.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.