Концертларга йўл йўқ. Толибон ўз фуқароларига агар мусиқа қўйилса, Термиз савдо марказига ташриф буюришни тақиқлаш билан таҳдид қилган

Улашиш:

“Толибон” ҳаракати Ўзбекистонни яқинда Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида очилган “Термиз” халқаро савдо марказидаги концерт ва мусиқа дастурларини бекор қилишга чақирган. Акс ҳолда, Афғонистон ҳукумати ўз фуқароларини у ерда харидларни амалга оширишни тақиқламоқчи.  

Савдо марказига ташриф буюрувчилар учун ўзбекистонлик санъаткорлар иштирокида мусиқа дастурлари ўтказилган. Бироқ, толибларга бундай кўнгилочар дастурлар маъул келмаскан. Шунинг учун улар бундай тадбирлар давом этса, Афғонистон ўз фуқароларининг савдо марказига ташриф буюришини тақиқлаши ҳақида огоҳлантирган.

Толибларнинг бундай қила олишига шубҳа йўқ. Шу муносабат билан, ўтган йили Афғонистоннинг Ҳирот вилоятида мусиқа асбоблари ва ускуналари оммавий равишда ёқиб юборилганини эслаш жоиз. "Толибон" радикал ҳаракати ҳукумати ҳар қандай дунёвий мусиқани номақбул ва ахлоқсиз деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрига кўра, мусиқа жамоат ахлоқига ёмон таъсир қилади.

Эслатиб ўтамизки, савдо маркази жорий йилнинг август ойи охирида очилган. Яқинда у қўшни Афғонистон аҳолиси орасида катта талабга эга эканлиги ва минглаб фуқаролари у ерга харид учун боргани ҳақида хабар берилган эди.

Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, бу ерда эркин савдо зонаси фаолият кўрсатмоқда. Чет эл фуқаролари Ўзбекистонга кириш визасини олмасдан "Термиз" халқаро савдо маркази ҳудудига махсус йўлак орқали киришлари мумкин.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.