Мисрда ўзбек тилининг биринчи инглиз тилидаги дарслиги нашр этилади

Улашиш:

Соддалаштирилган инглиз тилида тайёрланган ўзбек тили грамматикаси бўйича биринчи дарслик Мисрда Ўзбекистон элчихонаси кўмагида нашр этилади.  

Ўзбек тилини чет тили сифатида ўрганиш бўйича дарслик 21 октябр куни нишонланадиган Ўзбек тили куни арафасида тайёрланган. Яқин келажакда китоб Миср кутубхоналари ва Қоҳира университети талабалари орасида нашр этилади ва тарқатилади. Буни “Дунё” маълум қилмоқда.

Ўзбек тилини хорижда оммалаштириш муаммосидан келиб чиққан ҳолда, замонавий талабларга жавоб берадиган грамматика бўйича қўлланмаларнинг етарли эмаслиги қайд этилган. Бундан олдин ўзбек тили дарсликлари асосан рус тилида бўлиб, инглиз тилидаги қўлланмаларни очиқ манбаларда топиш деярли мумкин эмас эди. Бундай муаммоларни бартараф этиш учун мутахассислар ушбу курсни чет тилларини ўқитиш тажрибаси асосида тайёрладилар.

Бошқа қўлланмалардан фарқли ўлароқ, китобнинг асосий қисмидаги 20 та дарс мавзулари энг зарур қоидалар ва тузилмаларни ўргатишга бағишланган. Мавзулар босқичма-босқич мураккаблаштирилган.

Китобда тилни ўрганишни осонлаштирадиган қўшимча бўлимлар мавжуд. Масалан, қўлланмада мураккаб сўзларнинг таржимаси берилган машҳур ўзбек шеърлари ва қўшиқлари мавжуд. Тил ўрганувчи ушбу қўшиқларни мустақил равишда Интернетда топиши ва уларни матнлардан ўрганиши мумкин.

Шунингдек, нашрда Ўзбекистон, унинг қадимий шаҳарлари ва буюк тарихий шахслари ҳақида мустақил таржима қилиш учун қизиқарли маълумотлар тўпланган.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда ўзбек тилини йирик дастурий маҳсулотлар тиллари қаторига киритиш бўйича ишлар олиб борилади.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.