Норвегияда 15 ёшдан кичик болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланмоқда

Улашиш:

Норвегияда 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши тақиқланмоқда. Ҳозирда мамлакатда бундай чеклов 13 ёшгача бўлган болалар учун амал қилади. Аввалроқ Австралияда ҳам бу масала кўриб чиқилаётганди.

Норвегия ҳукумати ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари учун қатъий ёш чекловини жорий этишни режалаштирмоқда. Энди улардан 15 ёшдан кичик болалар фойдалана олмайди, деб хабар берди The Guardian бош вазир Йонас Гар Стерега таяниб.

Унинг айтишича, сиёсатчилар болаларни ижтимоий тармоқлардаги зарарли контентдан ва «алгоритмлар ҳукмронлиги»дан ҳимоя қилиш учун бунга аралашишлари зарур.

Скандинавия давлатида аллақачон минимал ёш чегараси мавжуд — 13 ёш. Шунга қарамай, ўтказилган тадқиқотга кўра, тўққиз ёшли болаларнинг ярмидан кўпи, 10 ёшлиларнинг 58 фоизи ва 11 ёшлиларнинг 72 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда.

Сентябрь ойида Австралия ҳукумати болаларни онлайн таҳдидлардан ҳимоя қилиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаётганини эълон қилганди. Мамлакатда болага интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга рухсат бериладиган минимал ёш белгиланиши мумкин.

Бундай ёш ҳали аниқланмаган. Бош вазири Энтони Альбанезенинг сўзларига кўра, ҳукумат 14−16 ёшгача бўлган болаларнинг Instagram ва TikTok`дан фойдаланишини тақиқлаш масаласини кўриб чиқмоқда, унинг ўзи эса минимал ёшни 16 ёш қилиб белгилашни маъқул кўради.

Францияда бўлса 15 ёшгача бўлган ўқувчилар учун мактабда мобил телефонларни тақиқлаш синовдан ўтказилмоқда. Муваффақиятли бўлса, у январь ойидан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб жорий этилиши мумкин.

2015 йил охирида Европа Иттифоқи мамлакатларида шунга ўхшаш тақиқни жорий этишга ҳаракат қилишган, бироқ интернетда вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари чеклангани ҳақидаги шикоятлар туфайли лойиҳа қабул қилинмай қолганди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.