Андижонда Бобур ҳайкалини учинчи марта кўчириш режалаштирилмоқда

Улашиш:

Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали мустақил Ўзбекистон даврида учинчи марта бошқа жойга кўчирилиши кутиляпти. Вилоят ҳокимлиги маълумотларигa кўра, ҳайкални кўчириш учун илмий кенгаш вакиллари, бобуршунослар ва оқсоқоллар рухсат берган.

"Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор лойиҳасининг 16-бандида шундай таклиф билдирилган:

"Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкалини Андижон шаҳридаги "Регистон" майдонига кўчириш, бунинг ҳисобига бўшайдиган 1,2 гектар ер участкасида 2 та 20 ва 16 қаватли турар-жой мажмуаси барпо этилиши ва 90 млн доллар миқдорида инвестиция киритилиши кўзда тутилган".

Шунингдек, вилоят ҳокимлиги таклифи билан Алишер Навоий номидаги истироҳат боғининг 10,7 гектар қисмида Andijon city ишбилармонлик маркази, 19 та 18 қаватли ва 7 та 28 қаватдан юқори турар-жой ва хизмат кўрсатиш мажмуалари барпо этилади.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати Бобур ҳайкали кўчирилишига муносабат билдириб, ҳайкал жойлашган майдон янги қурилаётган кўприк яқинида эканлигини таъкидлади. Лойиҳа қурилиши якунлангач, мазкур майдон анчайин ёпиқ кўринишга келиб, майдоннинг бир қисми кўприк остида қолади.

Илмий кенгаш вакиллари, бобуршунослар ҳамда Андижон оқсоқоллари бошчилигида ушбу мавзу муҳокама қилинган бўлиб, керакли хулосалар ясалган. Аммо Навоий боғидаги қурилишга оид изоҳ берилмаган.

Эслатиб ўтиш керакки, Бобур ҳайкали аввал вилоят ҳокимлиги биноси яқинида жойлашган, кейинчалик Пушкин майдонига кўчирилган эди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.