7 декабр куни Жанубий Паттайадаги меҳмонхона балконидан ўзбекистонлик 25 ёшли аёл йиқилиб кетди ва жиддий жароҳат олди. Воқеа маҳаллий вақт билан соат 12:30 да содир бўлган.
Қутқарувчилар ва тез ёрдам хизмати воқеа жойига етиб келганда, жабрланувчи ерда ҳушидан кетган ҳолда топилган. Аёлда бош жароҳати ва оёқ синиши аниқланди. Шифокорлар унга тезкор тиббий ёрдам кўрсатиб, маҳаллий шифохонага олиб боришган.
Гувоҳлар сўзларига кўра, меҳмонхона қўриқчиси шовқин эшитиб, ёш аёлни паст қаватли бино томида кўриб қолган ва у ердан думалаб ерга тушганини қайд этган.
Полиция маълумотига кўра, жабрланувчи меҳмонхонада икки эркак таниши билан бирга яшаган. Ҳодисадан сўнг уларни сўроқ қилишга уринишган, лекин маст ҳолатда бўлгани учун ҳеч қандай маълумот ололмаган.
Ҳозирда полиция аёлнинг йиқилиш сабабларини текширмоқда.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг ёзида Ҳиндистондаги клиникада жигар трансплантациясидан кейин ўзбекистонлик аёл жонига қасд қилган ҳолат ҳам қайд этилган эди.