Бухородаги кўп қаватли уйда газ чақнаши сабаб бир киши ҳалок бўлди

Улашиш:

Бухородаги газ чақнашида бир киши ҳалок бўлди

«Тунда содир бўлган кучли портлаш кўпчиликни эсанкиратди. Янги кўп қаватли уйга кўчиб ўтиш учун таъмирлаш ишларини бошлаганимизга ҳали эндигина бир-икки ой ҳам бўлмаган ва ҳали тўлиқ кўчиб улгурмаган ҳам эдик. «Дом» зирриллаб титрамадию, аммо, портлаш овозидан болаларим жонҳолатда чинқириб уйғониб, менга ёпишишди. Ўзим ҳам қўрқувдан «дир-дир» титрайман. Аллоҳ асрасин, одамни ёмон ўйлар босаркан: бир пасда кўз олдимдан уруш кечаётган давлатлар ўтса денг. «Нариги подъедда газ портлаганга ўхшайди»,-турмуш ўртоғимнинг хавотирли гапини эшитиб, зудлик билан болаларни кийинтириб-кийинтирмай, кўчага отилдик»,-дейди Бухоро шаҳридаги «Намозгоҳ» маҳалласида жойлашган янги кўп қаватли уйда яшовчи аёл.

Жорий йилнинг 29 октябрь куни соат 23:35 ларда ҳали топширилмаган «дом»нинг 5-қаватида содир бўлган портлаш овози атрофдаги бошқа кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолини ҳам хавотирга солган ва одамлар кўмак учун кўчага чиқишган.

Бухоро вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, шу куни соат 23:40 да вилояти ИИБ навбатчисидан шу ҳақда хабар келиб тушган. Билдирилишича, маҳалладаги 6/3А-уй, 14-хонадонда газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Чақнаш натижасида уйнинг хоналарини ажратувчи, девор, эшик ва ромлари зарарланган. Дастлабки маълумотга кўра, чақнаш оқибатида 14- хонадонда 1 нафар фуқаро вафот этган ҳамда 14-15- хонадонларда яшовчи 5 нафар фуқаролар турли даражадаги тан жароҳати олиб, шаҳар марказий шифохонага олиб кетилган.

Ҳолат юзасидан журналистик суриштирув олиб борган «Xabar.uz»га ўзини таништиришни истамаган маҳалла вакилининг сўзига кўра, ҳолат содир бўлган тунда ушбу хонадонда аввалига фақат вафот этган бир нафар «кампир»нинг бир ўзи яшаб келганини билдиришга уринишган. Бироқ, тўлиқ фойдаланишга топширилмаган кўп қаватли уйда бир нечта оилалар кўчиб ўтиб, яшаб келишаётганига аниқлик киритилган.

«Намозгоҳ» маҳалласи ҳудудида қадр ростлаган ушбу кўп қаватли уй қурувчиси илгарироқ фуқаролар йиғини раисидан «дом» учун рақам сўраган. Бироқ, маҳалла раиси бу кўп қаватли уйда фуқаролар учун барча шароит ва имкониятлар яратилиб, турли ташкилотлар томонидан тўлиқ фойдаланишга рухсатдан берилгачгина, бу масалани биринчилардан бўлиб адо этишини билдирган. Афсуски, қурувчи шу ҳудудга тегишли бўлмаган маҳалла томонидан тақдим этилган ҳужжат асосида «дом рақами»га эга бўлган.

«Намозгоҳ» МФЙ раиси Дилноз Мўминованинг айтишича, газ чақнаши рўй берган хонадон эгалари аслида бу манзилда аввалдан яшаб келишмаган. Ҳолат содир бўлган куни бир-икки уй жиҳозларини кўчириб олиб келишган бўлган. Кечги пайтгача Бухоро шаҳрининг диққатга молик жойларини зиёрат қилишган. Ва бир кеча янги хонадонда қолишни маслаҳатлашишган.

«Биз бу оиланинг кўчиб келишганидан хабарсиз эдик. Қўлдан келгунча таъмир қилишиб, бир-икки жиҳозларини кўчириб олиб келишган экан. Бир хонали уй эгаси бўлган эр ва хотин эртаси куни тонг саҳарда Россия Федерациясига жўнаб кетиши кераклиги учун икки нафар фарзандини қолдириш мақсадида 65 ёшли аёл (эркакнинг онаси)ни ҳам олиб келган бўлишган. Афсуски, тунда газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида 65 ёшли аёл бош қисмидан оғир жароҳатланиб, воқеа жойида ҳалок бўлган. Содир бўлган ҳолат қўшни девор ортида яшовчи 2 хонали уйга ҳам, уй соҳибларининг саломатлигига ҳам зиён етказган. Болалар ҳам турли даражадаги куйиш жароҳатини олишган. Газдан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаганининг оқибати шундай кўнгилсизликни келтириб чиқарган. Фуқаролардан газ ҳиди сезилган пайтда чироқларни ёқмасдан, уй ҳавосини тозалашлари кераклигини жуда-жуда сўраб қолардик»,-дейди Дилноз Мўминова.

Маҳаллада ҳали шу тахлитдаги рўйхатга киритилмаган яна бир нечта қурилиши тугалланмаган ва «ввод» бўлмаган «дом»лар бўлиб, уларда ҳам бир нечта фуқаролар яшаб келишмоқда. Айни пайтда эса маҳаллада рўйхатга киритилган ва тартиб рақамига эга 39 та кўп қаватли уй бўлиб, 6200 нафар аҳолиси яшайди.

Талофат етган ушбу кўп қаватли уйга кўчиб келганига бир неча ой бўлган фуқароларнинг «Xabar.uz» мухбирига билдиришича, Уй жуда ҳам бақувват ва мустаҳкам қурилган.

«Газ иси чиқиши ва хонадон эгасининг ўзи сезмаган ҳолда чироқни ёқиши оқибатида содир бўлган портлаш 5-қаватдаги 3 та хонадонга талофат етказди. Уйнинг хоналарини ажратувчи девор, эшик ва ромлари зарарланди. Аммо, подъездга ёхуд ташқи деворларга мутлақо зиён етказмаган. Портлаш оқибатида кучли зарб билан учиб кетган акфа деразаларию пена блоклар шундоқ қарама-қарши томондаги бошқа бир янги уйнинг ҳам ён деворига жуда қаттиқ зарб билан урилди. Аммо, деворлар ҳам, устунлар ҳам заррача зиён кўрмаган. «Дом» титрамади ҳам, ҳатто. Бу билан айтмоқчи бўлганим: қўни-қўшнилар, биз, берилган имкониятлардан, замонавий қурилмалардан тўғри фойдалана олишимиз керак. Йўқса, ҳам ўзимизга, ҳам оиламизга катта талофат етказамиз»,-дейди фуқаро.

«Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали мутахассисининг айтишича, янги кўп қаватли уйларнинг барча хонадонида замонавий икки контурли котёллар уланган. Ушбу котёллар нотўғри эмас, тўғри ўрнатилган. Фақат фуқаро ушбу қурилмадан тўғри фойдалана олмаган.

«Хавфлилик даражасини ҳар бир фуқаро ҳам билади, лекин, негадир, ундан тўғри фойдаланиш қоидаларига риоя қилишма йди. Ҳеч бўлмаса, ушбу қурилмадан қандай фойдаланиш лозимлиги ҳақида сўрашга ҳам кези келганда эринишади. Бу замонавий қурилма хавфсизлик тизимига эга, газ иси чиққанда, ўз-ўзидан автоматик тарзда ўчади. Уй эгаси бошқариш имконига эга. Яна шуни айтиб ўтишим керакки, Уй «ввод» бўлгунича, барча тармоқлар, яъни, газ, электр энергия, сув қувурлари соз ҳолатга келтиради. Бу ерда шундай бўлган ҳам: котёллар дастёрланиб, газ қувурлари ўтказилган, аммо, бу ҳали фуқарога фойдаланиши учун рухсат берилди, дегани эмас»,-дейди филиал мутахассиси.

Кўнгилсиз ҳодиса сабаб мазкур 60 та хонадонга эга 4 подъездли, 5 қаватдан иборат кўп қаватли Уйга кириш эшиклари барчаси «муҳрланган». Айни пайтда ҳолат юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

«Шу сабаб бирорта фуқаронинг ичкарига киришига, ёхуд ўзига тегишли бўлган хонадонда таъмирлаш ишларини олиб боришига ҳам рухсат этилмайди»,-дейди ички ишлар идоралари ходими.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.