Ўзбекистонлик кадрлар Россия президенти академиясида стажировка ўтадилар

Улашиш:

Салоҳиятли кадрлар резервига киритилган номзодларнинг билимини ошириш ва касбий кўникмаларини ривожлантириш мақсадида тегишли ўқув курсларни ташкил этиш ҳамда вазирлик ва идораларда, шунингдек хорижий давлатларда стажировка ўташини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Салоҳиятли кадрлар резервига киритилган номзодлар орасидан рус тилини мукаммал даражада биладиган, салоҳиятли ва истиқболли 20 нафар номзод саралаб олиниб, улар жорий йилнинг 25-30 сентябрь кунлари Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академиясида “Ҳудудлар ривожланишини бошқариш” мавзусида стажировка ўтаб қайтдилар.

Стажировка ўтаган Зомин тумани, Пешағор МФЙ ҳоким ёрдамчиси Бобур Умурзаковнинг айтишича 1 ҳафта давомида академияда давлат органларида кўп йиллар фаолият юритган ва амалий тажрибага эга мутахассислар, профессор ўқитувчилар томонидан дарслар ўтилган. Бундан ташқари, Москва, Калуга ва Владимир вилоятларида бўлиб, маҳаллий ҳукумат идораларининг фаолияти ва ижобиф тажрибалари билан жойига чиққан ҳолда танишдилар. Иштирокчилар ҳудудларнинг маданий ва тарихий объектлари билан таништирилиб, экскурсиялар уюштирилган.

Стажировка давомида делегациямиз вакиллари зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиб, келгусида ушбу тажрибаларни ўз ҳудудларига тадбиқ этиш имконига эга бўлдилар.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.