Озод Бобомуродов: Қозон федерал университети Жиззах филиалида IT бўйича фундаментал билимлар берилади

Улашиш:

Кеча Жиззах шаҳридаги Қозон (Волгабўйи) федерал университети филиалида ташкил қилинган симуляция маркази билан танишув маросимидан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида филиал ижрочи директори Озод Бобомуродов Sangzor.uz сайти мухбири саволига қуйидагича жавоб берди.

Савол: Бугунги кунда Жиззах шаҳрида Ҳиндистоннинг Самбхрам университетида ҳам Ахборот технологиялари ва дастурий таъминот бўйича йўналишлар мавжуд. Ҳудди шундай Қозон федерал университети Жиззах филиалида ҳам бу йўналишлар бор. Тошкент Ахборот технологиялари университети (ТАТУ) ва филиалларида ҳам бу бўйича мутахассислар тайёрланади. Булар ўртасида бериладиган таълим сифати ва тайёрланадиган мутахассислар ўртасида қандай фарқ бор?

 

Озод Бобомуродов – техника фанлари доктори, профессор:

- Айни пайтда биз булар ўртасидаги фарқни солиштирмаслигимиз керак. Яъни, Самбхрам университетида тайёрланадиган мутахассислар Ҳиндистон орқали фрилансерлдик қилиб иш топишлари режалаштирилган бўлиши мумкин. ТАТУда кўп йиллар ишлаган ходим сифатида айтишим мумкинки, у ерда ҳозирда кредит модул тизимига ўтилган ва етиштирилаётган мутахассислар Европа ва АҚШ дастурчилари каби билимларга эга бўладилар. Бизда эса халқаро стандартларга жавоб берадиган, замонавий таълим дастурлари асосида чуқур фундаментал  ва илмий – амалий билимга эга Россия дастурчилари томонидан ишлаб чиқилган методлар асосида талабалар сабоқ олишлари мумкин. 

4 йил давомида  биз “Дастурий таъминот”, “Ахборот тизимлари ва технологиялари” ва “Технологик жараёнларни автоматлаштириш” йўналишлари малакали кадрлар тайёрлаймиз. Бу орқали ҳудудий инновацион-таълим тармоғини яратиш, рақамли таълим тизимини шакллантириш ҳамда иш берувчиларнинг олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжларини  қондириш кўзда тутилган. 

Матбуот анжумани аввалида ОАВ вакиллари университет филиалида очилган “Симуляция маркази” фаолияти ва имкониятлари билан танишдилар. 

Марказ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жиззах вилоят ҳокимлиги кўмагида барпо этилган бўлиб, унда талаба ва тиббиёт ходимлари учун амалий кўникмаларни шакллантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Марказда учта асосий мажмуа, яъни симуляция зали, ўқув ҳамда лаборатория хоналари мавжуд.

Симуляция зали виртуал симуляторларга эга алоҳида мажмуалардан иборат бўлиб, унинг ёрдамида талабалар кенг кўламли тиббий муолажаларни ўзлаштиради. Жумладан, асосий муолажалар (инъекция, ошқозонни ювиш), ултратовуш текшируви, турли хил амалий кўникмалар, терапия, турли даражадаги мураккаб жарроҳлик  техникаси (эндоскопик текширувлар, лапароскопик ва эндоваскуляр аралашувлар) мавжуд.

Ҳозирда филиалда бакалавр йўналишларида 12 та йўналишдаги мутахассислик учун талабалар қабул қилинади. Улар:

  1. Даволаш иши (6 йил)
  2. Стоматология (5 йил)
  3. Фармация (5 йил)
  4. Тиббиёт биокимёси (6 йил)
  5. Дастурий таъминот (4 йил)
  6. Ахборот тизимлари ва технологиялари (4 йил)
  7. Технологик жараёнларни автоматлаштириш (4 йил)
  8. Геология (4 йил)
  9. Иқтисодиёт (4 йил)
  10. Тилшунослик (4 йил)
  11. Журналистика (4 йил) 
  12. Телевидение (4 йил) 

2022-йил 10-октябрь куни фаолиятини бошлаган университет жорий йилда 600 нафар талабани қабул қилиши кўзда тутилган. Матбуот анжуманида сўз олганлар, ўтган қисқа фурсатда амалга оширилган ишлар ҳамда филиалда 2023/2024 ўқув йили қабули ва имтиҳон жараёнлари, шунингдек, филиал контингенти ҳақида йиғилганларга тушунча бердилар.

Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

 

 

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.