Фарғонада икки аёл билан яшаган эркак 3,5 йилга қамалди

Улашиш:

Фарғона вилояти Қўштепа туман суди 23 ёшли эркакнинг кўп хотинлилик ва баданга қасддан шикаст етказиш билан боғлиқ ишини кўриб чиқди. Суд ҳукмига кўра, у уч йилу олти ой озодликдан маҳрум қилинди.

Иш материалларига кўра, судланувчи 2023 йил августидан 2024 йил майигача икки аёл билан бир уйда яшаган. Улар билан шаръий никоҳда бўлган, бироқ муносабатлар расман рўйхатдан ўтказилмаган.

Жорий йилнинг май ойида аёллар ўртасида низо келиб чиқиб, эркак уларни ажратишга ҳаракат қилган пайтида ҳомиладор аёлнинг юзига мушт туширган. Натижада, жабрланувчининг пастки жағи икки жойдан синган ва шифокорлар бу жароҳатни соғлиққа ўртача оғирликда зарар етказган, деб баҳолаган.

Суд мажлисида судланувчи айбини тўлиқ тан олди. У молиявий қийинчиликлар туфайли муносабатларни расман қайд этолмаганини ва содир этилган зўравонликни ғазаб туфайли амалга оширганини айтди.

Суд унинг пушаймонлигини инобатга олган бўлса-да, жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражасини юқори деб баҳолади. Шу сабабли, суд 3 йилу 6 ойлик қамоқ жазосини тайинлади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ноябрь ойида ҳам Гулистонда икки хотини ўртасида келишмовчилик туфайли зўравонлик содир этган эркак ҳукм қилинган эди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.