Ўзбекистон ҳукумати "Соғлом турмуш тарзи" лойиҳасини ёпилганидан уч йил ўтиб, қайта бошлашга қарор қилди. Режаларга кўра, махсус электрон платформа 1 июнга қадар ишга туширилиши мумкин. Бу қарор 2025 йилги давлат дастурига киритилган бўлиб, ҳозирда муҳокама қилинмоқда.
Янги лойиҳа "Бир миллион яшил оила" деб номланиши таклиф этилмоқда. Лойиҳа доирасида кунга камида 10 минг қадам юрган фуқаролар "Экологик фаол фуқаро" мақомига эга бўлади. Шунингдек, энг юқори натижаларга эришган шахсларга давлат хизматларига 10 фоиз чегирма ва давлат улуши бўлган банкларда истеъмол кредитларига чегирмалар тақдим этилади.
Агар оиланинг барча аъзолари "Экологик фаол фуқаро" унвонига эга бўлса, улар танловда қатнашиб, электромобиль ютиб олиш имкониятига эга бўлади. Бундан ташқари, "яшил" маҳаллалар танловда қатнашиб, болалар майдончалари қуриш, боғлар барпо этиш ва ахлат йиғиш пунктларини ташкил қилиш учун 500 миллион сўм маблағ ютиб олиши мумкин.
2021 йилда Ўзбекистонда "Соғлом турмуш тарзи" лойиҳаси ишга туширилган эди, унда фуқароларга кунига 10 минг қадам учун 3 минг сўм тўланган, аммо бир йилдан сўнг лойиҳа ёпилди. Кейинчалик, пул тўловлари совғалар билан алмаштирилиши ҳақида хабар берилган эди.