Ёқилғи-энергетика нархларини ҳисоблашнинг янги тартиби кучга киради
Октябрда юз бериши кутилаётган энг муҳим ўзгариш ёқилғи-энергетика нархларини бозор нархларига мослаштириш томон босилган қадам бўлмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 1 октябрдан кучга кирадиган қарори билан ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархлари ошмоқда. Шу билан бирга, ҳозирча аҳоли учун тарифлар ўзгаришсиз қолади.
Электр энергияси тарифлари ОКМК, НКМК, “Ўзметкомбинат” ва бюджет ташкилотларига 1 кВт соат 1 000 сўм, бошқа ташкилотларга 900 сўм деб белгиланди. Табиий газ тарифлари эса ОКМК, НКМК, “Ўзметкомбинат” ва бюджет ташкилотларига 1 куб метр учун 1 800 сўм, бошқа ташкилотлар учун 1 500 сўм бўлиши таклиф этилган.
Тошкентни яхшилаш бўйича эксперимент
Президент қарори билан пойтахт инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилади. Хусусан, 2023 йил 1 октябрдан бошлаб Адлия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Кадастр агентлиги, Солиқ қўмитаси ва бошқа давлат органлари ахборот тизимларидаги муниципал мулклар тўғрисидаги маълумотлар ушбу тизимларни ўзаро интеграция қилиш орқали “Рақамли Тошкент” комплекс дастурига юкланади.
Шунингдек, қарорга кўра, 2023 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳридаги айрим объектлар негизида лойиҳа қиймати 1 миллион долларгача бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади.
Рақобат қўмитасига яна бир ваколат
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир фармонга кўра, 2023 йил 1 октябрдан эксклюзив ҳуқуқлар берилган хўжалик юритувчи субъектларнинг реестри (рўйхати) жорий этилади. Ушбу реестрни юритиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан камситмаслик шартларига риоя этилиши устидан назорат Рақобат қўмитасига юклатилади.
Рақобат қўмитаси битим шартларини, товарлар реализация қилинадиган ҳудудни ва нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятига (устун музокара кучига) эга бўлган субъектларни аниқлайди ва улар томонидан устун музокара кучини суиистеъмол қилишни тақиқлайди.
Умрачи турфирмалар рейтинги ва сув бўйи туризми учун енгилликлар
Ҳукуматнинг тегишли қарори билан Туризм қўмитаси Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда 2023 йил 1 октябрдан бошлаб “Умра” хизматларини кўрсатувчи туроператорлар фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тизими жорий этиши керак.
Рейтингдаги “Умра” хизматларини кўрсатувчи туроператорларнинг ўрни жамоатчилик томонидан очиқ овоз бериш, ушбу ташкилотлар хизматларидан аввал фойдаланган фуқаролар (сайёҳлар) билан ўрнатилган қайта алоқа (жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали) натижаларига кўра аниқланади.
Балиқ овлаш ва сув бўйи туризмини ривожлантиришга доир президент қарорига мувофиқ 2023 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидагилар:
- давлатга тегишли табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) — балиқни саноат усулида етиштириш, овлаш ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадлар учун;
- табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) ҳамда дарё атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари — сув бўйида пляж зоналарини ташкил этиш, спорт-ишқибозлик туридаги балиқ овлаш, балиқ ови, қайиқда сузиш ва сув саёҳати хизматларини кўрсатиш, балиқ маҳсулотлари ва бошқа туризм хизматларини ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига “E-auksion” электрон савдо платформасида электрон онлайн аукцион орқали ижарага берилади.
Қарорда кўрсатилган бандлар Айдар-Арнасой кўллар тизимига нисбатан татбиқ этилмайди.
Иш берувчиларга субсидия
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 1 октябрдан жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия бериши назарда тутилган. Бунда ҳар бир ишга жойлашган шахс учун уч ойдан ортиқ муддатда меҳнат фаолиятини давом эттиргандан сўнг базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида бир марталик субсидия ажратиш таклиф қилинган.
Шунингдек, “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларини ўргатади.
Шаҳарсозлар сертификатланади
Президентнинг тегишли фармони асосида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат тизими кучайтирилади ва унинг қамрови кенгайтирилади.
Шу мақсадда 2023 йил 1 октябрдан бошлаб шаҳарсозлик соҳасидаги қуйидаги тоифа мутахассисларни уларнинг фаолият йўналишлари бўйича ҳар уч йилда бир марта сертификатлаш тизими жорий этилади:
- лойиҳа бошқарувини ва техник назоратни, шу жумладан йўналишлар бўйича назоратни олиб борувчи мутахассислар;
- лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик назоратини олиб борувчи мутахассислар, шунингдек, лойиҳа бош муҳандислари ва бош архитекторлари;
- пудрат ташкилотларининг ички назоратини амалга оширувчи мутахассислар.
Ягона ижтимоий ҳимоя
Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишга доир президент фармонида 2023 йил 1 октябрга қадар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимини ишга тушириш кераклиги қайд этилган.
Шу билан бирга 2023 йил 1 октябрдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфига ўтказилади ҳамда аҳолига кўрсатиладиган барча турдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар, шу жумладан кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдамлар бўйича аризалар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали қабул қилинади.
IT учун яна имтиёзлар
Президент қарори асосида Рақамли технологиялар соҳасида юқори малакали мутахассис ва кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида 2023 йил 1 октябрдан бошлаб Б2 ва ундан юқори хорижий тил билиш даражасига эга бўлган фуқаролар томонидан тизим бошқаруви, маълумотлар базаси, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишларда халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларининг 100 фоиз қисмини қоплаш тизими жорий этилади.
Шунингдек, электрон тижорат соҳасини ривожлантириш мақсадида 2023 йил 1-октябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига электрон тижорат фаолияти доирасида эркин омбор божхона режимига жойлаштирилган товарлар билан чакана савдо операцияларини амалга оширишга рухсат берилади.
Худди шу қарор билан Ўзкомназорат 1-октябрдан бошлаб давлат органларининг IT лойиҳалари самарадорлиги, кўрсатиладиган рақамли хизмат ва сервислар техник фаолиятининг сифати ҳамда барқарорлиги устидан рақамли назорат ўрнатади.
Электрон шаклга ўтаётган тиббий маълумотномалар
Тиббий маълумотномалар 1 октябрдан Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида электрон шаклда берилади. Тегишли ҳужжат асосида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномаларни бериш босқичма-босқич электрон шаклга ўтказилмоқда.
Бунда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномаларни бериш Навоий ва Сирдарё вилоятларида — 2023 йил 1 июлдан бошлаб, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида — 2023 йил 1 октябрдан бошлаб, республиканинг бошқа ҳудудларида — 2024 йил 1 январдан бошлаб электрон шаклга ўтказилади.
2024 йил 1 январдан бошлаб вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномаларни қоғоз шаклда талаб қилиш тақиқланади.
Яна бир янгилик. 2023 йил 1 октябрдан бошлаб, махсус техник қурилмалар ёрдамида (планшет ёки дактилоскопия, принтер ва бошқалар) давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатиш “Call-марказ” ёки расмий веб-сайтдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.