Арнасойда каврак етиштириш: даромадли бизнес ва соғлом турмуш манбаи

Улашиш:

Арнасой туманида ноёб ва қимматбаҳо чўл яйлов ўсимлиги — каврак етиштириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Мазкур ўсимлик фармацевтика, тиббиёт, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалигида кенг қўлланилади. Ундан олинадиган шира (смола) халқаро бозорда юқори баҳоланиб, 1 килограмм 300 долларгача нархланади.

2018 йилда қабул қилинган давлат қарори асосида 2019 йилда Арнасой тумани Бухоро СИУдаги “Шифо каврак” фермер хўжалиги томонидан 15 гектар майдонга “Кўҳистон” кавраги экилди. Ушбу лойиҳа бошланғич йилларда агротехник талабларга риоя қилинмаганлиги сабабли мураккаб ҳолатга тушган бўлса-да, 2023 йилдан қайта тикланиб, 500 кг шира ҳосил қилинди. Бу ҳосил фермерларга 150 минг долларгача даромад келтирди.

Оммалаштириш ва келгуси режалар

Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов фермерлар билан учрашув чоғида каврак етиштиришни оммалаштириш ва кооперацияларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, “Шифо каврак” фермер хўжалиги 20 гектар янги ерларни тайёрлаб, замонавий 90х30 схемаси асосида каврак экишни режалаштирмоқда. Бу усул сув тежамкорлигини таъминлаб, ўсимлик парваришини енгиллаштиради.

Фермер хўжалиги Жиззах Давлат Педагогика университети билан ҳамкорликда ўсимлик вегетация даврида учрайдиган касалликларга қарши илмий тадқиқотлар олиб бормоқда.

Кавракнинг аҳамияти ва истиқболлари

Каврак шифобахш хусусиятлари билан тоғ ҳудудларидаги аҳоли соғлиғини яхшилашда муҳим роль ўйнайди. Эндиликда, чўл зоналарида уни етиштириш кенг ёйилса, аҳоли ўртасида соғлиқни мустаҳкамлаш ва даромад манбаини ошириш мумкин бўлади.

Туманда каврак етиштиришни кенг тарғиб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва фермерларни қўллаб-қувватлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.