Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида ноқонуний равишда олтин қазиб олиш жараёнида содир бўлган бахтсиз ҳодиса натижасида икки нафар йигит ҳаётдан кўз юмди.
Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, 2025 йил 9 январь куни соат 20:00 атрофида беш нафар фуқаро Қорақутон тоғ-кон зонасига (халқ орасида "Найман чўққиси" деб аталади) кириб, шахтадан таркибида олтин бўлган тошларни қазиб олишга уринишган.
Ускуналар ёрдамида шахтада иш бошланганидан кўп ўтмай, генератордан чиқарилган газлар туфайли ҳаво заҳарланган. Бу эса шахтадаги ишчиларнинг заҳарланишига сабаб бўлди.
Натижада, 30 ва 20 ёшли икки йигит шахта тубига тушиб, тошларга урилган ва ҳодиса жойида ҳалок бўлган. Шунингдек, ис газидан заҳарланиш белгиларига дучор бўлган яна уч киши 10 январга ўтар кечаси туман марказий касалхонасига етказилган.
Пахтачи туман прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ишларини олиб бормоқда. Икки ҳалок бўлган шахснинг ўлими сабабларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланган.
Эслатма: Ноқонуний қазиш ишлари нафақат инсон ҳаётига хавф солади, балки қонун бузилишига ҳам сабаб бўлади. Ҳар бир фуқарони қонунларга риоя қилишга чақирамиз.