Жиззах вилоятида бир эркакнинг тирик илонни ейиши акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси мазкур ҳолатни ўрганиб чиқди.
Табиатни муҳофаза қилиш бошқармасининг Зомин бўлими ходимлари ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда видеода акс этган шахсни аниқлади. Унинг ҳаракатлари "Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги қонун талабларини бузиш деб баҳоланди.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, тирик илонни ейиш орқали табиатга 1,1 миллион сўмлик зарар етказилган. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-1-моддаси ("Жиноят аломатлари бўлмаганда ов қилиш, балиқ овлаш ва ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш қоидаларини бузиш") асосида эркак 7,5 миллион сўм жаримага тортилди.
Эслатма: Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш қонунларига риоя қилиш табиат ва экологияни сақлашнинг муҳим таркибий қисмидир. Бундай ҳаракатлар наинки қонунга зид, балки табиатга жиддий зарар етказиши мумкин.