Ўзбекистонда ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш қонуни лойиҳаси муҳокамада

Улашиш:

Ўзбекистонда ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси тайёрланди. Бу ҳақда “Mehr va Oqibat” ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти маълум қилди.

Лойиҳанинг ташаббускори Олий Мажлиснинг собиқ депутати Елена Бабенко бўлиб, ҳужжат ҳозирда Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан кўриб чиқилмоқда.

“Ўзбекистоннинг зооҳимоя ташкилотлари ва волонтёрлари бу қонун лойиҳасининг муҳокамаларини ва қабул қилиниши жараёнини интиқлик билан кутмоқда”, — дея таъкидлади жамият.

2021 йилгача Ўзбекистонда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатга қонуний жавобгарлик белгиланмаган эди. Аммо кейинчалик Маъмурий ва Жиноят кодексларига тегишли моддалар киритилди. Маъмурий кодексга кўра, ҳайвонларни қийнаш ёки азоб бериш 1,1 миллиондан 1,8 миллион сўмгача жаримага сабаб бўлади.

Жиноят кодексига кўра эса, бунинг учун 18,7 миллион сўмгача жарима, 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 6 ойгача озодликни чеклаш/ маҳрум қилиш жазолари қўлланиши мумкин.

Эслатма: Ҳайвонларга муносабатда инсонийлик ва масъулият кўрсатиш нафақат инсоннинг инсоний фазилатлари, балки жамиятнинг тараққиёти ва маданиятининг муҳим кўрсаткичидир.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.