Ўта ваҳимали сарлавҳа учун олдиндан узр сўрайман. Аммо мақолани ёзишдан олдин шундай сарлавҳа қўйишга (қайсидир маънода хулоса қилишга) қарор қилдим. Ҳайвонларга бўлган муносабатимиз ҳақида айрим фикр ва мулоҳазаларимни ўртоқлашмоқчиман.
Охирги пайтларда ит ва мушук каби уй ҳайвонларини қийноққа солган ёки қийнаб ўлдирган болалар, ўсмирлар ва ҳатто катталар ҳақида бир неча хабарлар тарқаляпти. Воқеалар шундай даҳшатлики, айримларини кўришга ва ё ўқишга юрак дош бермайди. Бундай ваҳшийликни йиртқич ҳайвонлар ҳам қилмайди, десам инкор этмасангиз керак.
Мана ўша ваҳшийликларнинг айримлари билан танишинг.
- Сурхондарёда 53 ёшли эркак ва унинг 33 ёшли ўғли жўжасини тишлаб ўлдирган итни аёвсиз калтаклаб, сўнг сўйиб ташлади.
- Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида мушук тириклайин ёқиб юборилди.
- Тошкентнинг Миробод туманида пневматик милтиқ ёрдамида мушук ва итларни овлаб келган киши аниқланди.
- Нукус шаҳри яқинида ваҳшийлик билан ўлдирилган кўплаб ит ва мушуклар қабристони топилди.
- Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги ариққа 30 дан ортиқ мушукларнинг жасадлари ҳамда уларнинг шилиб олинган терилари ташлаб юборилган.
- Янгийўл туманида яшовчи 40 яшар фуқаро қўшнисининг итини арқон билан машинага боғлаган ҳолда судради.
- Юқори Чирчиқдаги хонадонларнинг бирида итлар шафқатсизларча ўлдирилаётгани хақида хабар тарқалди.
- Қашқадарёда эркаклар эшакларни ваҳшийларча калтаклади...
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Ваҳшийликни амалга оширган кимсаларга берилаётган жазолар ўз йўлга. Лекин савол туғилади: нега бунчалик ваҳшийлашиб кетдик?
Болалик пайтимдан бери итдан қўрқаман. Қўрқиш билан баробар ёмон ҳам кўраман. Балки уйда ит сақламаганимиз учундир, эҳтимол қўшнимизнинг кучуги тишлаб олгани сабабидандир, билмадим. Онам раҳматли буни сезиб, менга итларнинг инсонларга дўстлиги ҳақида қизиқарли ривоятлар айтиб берардилар. Эсимда қолган биттасини айтиб бераман.
Қадим замонда бир ёмон (кейин билсам, ривоятларда фоҳиша деб келган экан) аёл чўлда кетаётса, қудуқ олдида бир итнинг нам тупроқни ялаётганига дуч келибди. Аёл унинг қаттиқ чанқаганини англаб, қудуқдан сув олиб бермоқчи бўлибдию аммо идиш топа олмабди. Шунда шартта оёғидан маҳсисини (ёки ковушини) ечиб, сув олибдида, итга тутибди. Бу ишини жониворнинг чанқоғи қонгунча такрорлабди. Ит сувга қонгач, осмонга қараб увиллабди. Аллоҳ шу аёлнинг барча гуноҳларини кечириб, жаннатга киритган экан...
Бу ривоят менга итларни ёмон кўрмаслигим, уларга меҳр кўрсатишим учун етарли бўлган. Қўрқув ҳалиям бор, аммо нафрат ўрнини меҳр эгаллагани рост.
Ит боқишга дадам раҳматли рухсат бермаганлар, ҳатто кенжатой (эркатой) укамизга ҳам. Бунинг сабабини шундай тушунтирганлар. “Уйда ҳайвон боқишнинг ўзига яраша талаблари бор. Масалан, уйда ит ё мушук сақлаган одам ўзи нима еса, жониворига ҳам шуни едириши керак. Ўзи овқатланган вақтида унга ҳам бериши шарт. Сизлар, ана, сутини ичаётган сигирларингни далага еталаш сенсала, аввал шуни боқишни қойиллатиб қўйинглар, кейин итни ўйлаб кўрамиз”, дея масалага нуқта қўйгандилар.
Ҳайвонларни уриш масаласида ҳам қаттиқ туришарди. Агар “йўриғимизга юрмаган молни чўп билан (асабий ҳолда) урсак, қаттиқ дакки ер эдик. “Тилсиз жониворнинг қарғишидан қўрқ!” дейишарди. Ўйлайманки, айни шундай тарбия аксарият ўзбек оиласида берилган ва ҳамон берилади. Аммо шунга қарамай...
Болалигимдан бери кўрган ҳолатларимни ўйлаб қарасам, бизнинг миллатимиз ҳайвонларга нисбатан қаттиққўл, бешафқат, меҳрсиз... Масалан, дарахтдаги қушнинг боласини олиб тушиб, ўйнаб-қийнаб ўлдириб қўярдик. Ёки бирор қушни тутиб олсак, патини юлардик, оёғига ип боғлаб учиришга уринардик...
Сарлавҳадаги фикрни мулоҳаза қилсак... Нега бундай хулоса билдириляпти ёки нима учун шунақа баҳо бериляпти? Сабаби оддий, йиртқич ҳайвонлар фақат қорни оч пайтидагина ов қилади, яъни бошқа бир ҳайвонни ўлдиради. Улар биз каби сабаблар ва айниқса, завқ учун бошқа ҳайвонни қийнаб ўлдирмайди. Шунинг учун бемалол биз, ўзбеклар йиртқичлардан ҳам баттар ваҳшийлашиб кетяпмиз деяпман. Айниқса, Истанбулда яшаётган сўнги бир йил ичида бу хулосага яна ҳам қатъийроқ келяпман.
Туркияга келганлар билади, бу ерда ит, мушук ҳамда каптар каби ҳайвону қушларга меҳр-мурувват ўта юқори. Одамлар ўз маблағи ҳисобига дўконлардан қиммат нархларга уларнинг махсус емишларини сотиб олиб, кўчалардаги ит ва мушукларга бериб кетишни одатга айлантириб олишган. Ўшанчун Истанбулдаги бу каби уй ҳайвонлари жудаям семириб кетган бўлади. Агар бирор мушук ёки ит нимадир туфайли жароҳат олса, кўчадан ўтаётган ҳар қандай одам ўз ишини ташлаб, ҳайвон духтирига (ветеринар) олиб боради. Бизга ўхшаган муҳитда улғайган бирор ябанжи (хорижлик) ит ё мушукларга қўпол муомала қиладиган бўлса борми, нақд полисга топшириб юборишади ёки ўзлари танобини тортиб қўйишлари муқаррар...
Кўчаларда ҳайвонлар учун махсус уйлар қурилган. Бундан ташқари емишлар учун қутичалар ташкил этилган бўлиб, танга ташлаб мурувватини бурасангиз, пастига мушуклар учун махсус емишлар тўкилади. Сув бўйларида кўп учрайдиган қуш бору, ўзбекча номи чайқа (ўрисчаси чайка), ўшани турклар марти дейишади. Ишонсангиз, айрим жойларда ана шу мартилар учун ҳам дўкондан арзон гўшт сотиб олиб, боқишади. Каптар, мушук, ит каби уй ҳайвонларини эмас, марти каби ёввойи ҳайвонларга ҳам бунчалик мурувватли бўлиш учун одамни қандай тарбиялаш керак, рости билмадим.
Аммо юқоридаги саволга жавоб топмасак, бўлмайди: нега ҳайвонларга нисбатан бу қадар бешафқат муомала қиляпмиз? Буни тўхтатиш ёки тузатиш учун нима қилишимиз керак? Фақатгина жазолаш билан иш битмаслиги аниқку...
Дарвоқе, 2019 йил 29 май куни “Ҳайвонларни қийнаганларга жазо чоралари кучайтирилди” деган хабар тарқатилган. Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарликни кучайтирувчи тузатишлар киритилган.
Ўзгаришга кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш — ЭКИҲнинг 1 барваридан 3 бараваригача (аввал — ЭКИҲнинг 0,5 дан 2 бараваригача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Орадан бир ярим йил ўтиб, Бош прокуратура ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганларни жиноий жавобгарликка тортишни таклиф киритган. Қабул қилинган қонунга кўра, бундай қилмишни содир этганлар ва жараённи видеога олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатганлар 1 йилгача муддатга қамалиши мумкин.
Бош прокуратура ташаббуси билан Ўзбекистон Жиноят кодекси 202−1-моддага киритилган тўлдирилишга кўра, ҳайвонларни қийнаб, уларнинг майиб бўлишига ва ё ўлимига сабаб бўлган кишидан кўра, ушбу жараённи суратга олиб, интернетда тарқатганнинг жазоси жудаям катта.
Мисол учун Бектемир туманида итни отган одамга ЭКИҲнинг 2 баравари, жараённи тасвирга тушириб, интернетда тарқатиб юборган шахсга ЭКИҲнинг 50 баравари миқдорида жаримага тортилган.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, агар жазолар адолатли бўлган тақдирда ҳам ҳайвонларга бўлган муносабатимиз ўзгариб қолмайди. Тарбиянинг қайсидир ўринларида хатога йўл қўйяпмиз. Ана шу хатони топиб, тузатишимиз зарур. Бу борадаги фикр ва мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.
Абдулазиз Муборак
Манба: Azon.uz