Исроил ва ҲАМАС ўт очишни тўхтатиш ва гаровдаги шахсларни озод қилиш бўйича келишувга эришди. Бу келишув Қатар бош вазири Муҳаммад бин Абдул Раҳмон Ол Сонийнинг томонлар вакиллари билан музокараларидан сўнг, 15 январь куни эълон қилинди.
Келишув шартларига кўра, ўт очишни тўхтатиш жараёни 19 январдан бошланади ва дастлаб 42 кун давом этади. Бу муддат давомида кейинги босқич шартлари муҳокама қилинади.
Қатар, Миср ва АҚШ иштирокидаги воситачилик музокаралари натижасида Исроил ва ҲАМАС асирлар ва гаровдаги шахсларни алмашиш ҳамда инсонпарварлик ёрдамини етказиш бўйича келишувга эришган. Reuters хабарига кўра, келишув доирасида Исроил қўшинлари босқичма-босқич Ғазо секторидан чиқарилади ва 600 та юк машинаси орқали инсонпарварлик ёрдами етказилади.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху битим шартлари бўйича келишувга эришилганини таъкидлаган, ҲАМАС эса буни тарихий қадам сифатида баҳолаган.
Ҳам Исроил, ҳам Ғазода одамлар ушбу келишувни олқишлаб, кўчаларга чиқишди. Ғазо сектори аҳолиси оммавий равишда байрам тадбирлари ўтказди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 7 октябрда бошланган можаро оғир талафотларга олиб келган. Уруш давомида 45 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, 1200 га яқин инсон гаровга олинди, улардан баъзилари озод қилинган. Ҳозирги келишув можаронинг юмшашида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.