Қарши туман ҳокими Зоир Аликулов ва туман прокурори Тоғмурод Муродов хорижда меҳнат қилаётган ҳамда таҳсил олаётган туманлик ёшлар билан 2025 йилдаги дастлабки онлайн мулоқотни ташкил этишди. Бу ҳақда қашқадарёлик мухбиримиз Муҳриддин Жалолов маълум қилмоқда.
Учрашув давомида туман ҳокими Президентимиз томонидан ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб, Қарши туманида ёшлар билан ишлаш йўналишида амалга оширилаётган тизимли ишлар ва уларнинг ижобий натижалари ҳақида маълумот берди.


Шунингдек, ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун яратилган имкониятлар, уларнинг касбий йўналишларини белгилаш ва бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича фикрлар алмашилиб, келгусидаги режалар ҳақида атрофлича суҳбат ўтказилди.
Мулоқотда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш билан бирга, ўз таклиф ва фикрларини ҳам билдиришди. Бу онлайн учрашув ёшлар билан мулоқот қилишдаги янги қадам бўлиб, келгусида бундай тадбирлар мунтазам ўтказилиши режалаштирилган.
Ушбу учрашув хориждаги ёшлар билан боғланиш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш ва уларни ватан тараққиётидаги иштирокини оширишда муҳим аҳамиятга эга.