Ўзбекистон: газ импорти ўсиб, нетто импортчи мақомида қолмоқда

Улашиш:

Ўзбекистон 2024 йилда ҳам газни нетто импорт қилувчи давлат мақомини сақлаб қолди. Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, Туркманистон ва Россиядан газ харидлари 2023 йилга нисбатан 2,4 баробарга ошган бўлиб, умумий импорт ҳажми 1,67 миллиард долларни ташкил этди.

Шунингдек, Ўзбекистондан газ экспорти ҳам ўсишга эришган. Хитойга экспорт 18,4 фоизга ортиб, 627,6 миллион долларга етган. Аммо, ХХР Бош божхона бошқармаси маълумотларига кўра, бу рақам 726,2 миллион долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 25,3 фоизга кўпдир.

Декабр ойида Хитойга газ экспорти ноябр ойидаги 79,4 миллион доллардан 58,8 миллион долларга пасайганига қарамай, ўтган йилнинг шу ойидаги кўрсаткичлардан юқори бўлган.

Хитой бозорида Туркманистон 9,57 миллиард долларлик газ экспорти билан етакчилик қилмоқда, ундан кейин Россия (8,03 миллиард доллар), Мьянма (1,39 миллиард доллар) ва Қозоғистон (1,36 миллиард доллар) ўрин олган.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон 2025-2026 йилларда газ экспортини тўлиқ тўхтатишни режалаштирмоқда. Бу қарор ички истеъмолни қондириш ва энергетика ресурсларини самарали бошқариш мақсадида қабул қилинган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.