Ўзбекистон миллий жамоасининг янги бош мураббийи Темур Кападзе ЎФА матбуот хизматига жамоанинг олдида турган вазифалар ва ўзига юкланган масъулият ҳақида фикр билдирди.
Кападзе ўз баёнотида қуйидагиларни таъкидлади:
- Сречко Катанецга соғлиқ тилади: “Барчамиз унинг бошлаган ишини якунлашини истагандик. Бироқ соғлиқ ҳар доим биринчи ўринда туради.”
- Миллий жамоадаги тажрибасини қайд этди: “Жамоа мен учун бегона эмас. Ўйинчи, ёрдамчи мураббий ва бош мураббий сифатида ҳам бу ерда бўлганман.”
- Масъулиятни ҳис этганини билдирди: “Биз аскармиз. Олдимизга вазифа қўйилди, уни бажариш учун барча имкониятларни ишга соламиз.”
Мартдаги муҳим баҳсларга тайёргарлик:
Темур Кападзе миллий жамоанинг март ойидаги муҳим ўйинларга муносиб формада чиқишини таъминлашни асосий мақсадлардан бири сифатида кўрсатди. Жамоада янги футболчилар иштирок этиши ва йиғинлардан унумли фойдаланишга аҳамият қаратишини алоҳида қайд этди.
Мухлисларга мурожаат:
“Футболчиларнинг маҳорати бизга жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш учун етади. Барчамизнинг орзумиз бир. Халқимиздан дуода бўлиб туришни сўраймиз,” — деди Кападзе.
Эслатма:
Миллий жамоа янги бош мураббий қўл остидаги дастлабки ўйинини 27 январь куни Иорданияга қарши ўртоқлик баҳсида ўтказади.