Ўзбошимчалик билан ерни эгаллаб олишга чек қўйиш керак

Улашиш:

Мамлакатимизда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, бино-иншоотлар ва ер кадастрини юритиш, ер муносабатларини такомиллаштириш, ер майдонларини ажратишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш, ер ресурсларидан фойдаланишда замонавий бозор механизмлари жорий қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Муҳтарам Президентимиз томонидан миллий бойлигимиз бўлган ер ресурсларини асраб-авайлаш, ундан оқилона ва самарали фойдаланишни ташкил этиш, уни келгуси авлодга соф ҳолида етказишга қаратилган бир қатор қонунлар, қарорлар, фармонлар қабул қилиниб, ҳаётга тадбиқ этиб келинмоқда. Ўз навбатида соҳа вакиллари томонидан ҳам ерга оид қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан аниқланган ер қонунбузилиш ҳолатлари ва уларни бартараф этиш борасида бир мунча ишлар амалга оширилмоқда.

Кадастр агентлигининг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан замонавий технологиялар, космик суратлар ва дронлар ёрдамида ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ноқонуний қурилишларни аниқлаш ва бартараф қилиш ишлари давом этмоқда. Жумладан, Зарбдор ва Зомин туманларида ер назорати бўйича доимий мониторинг ишлари амалга оширилмоқда.

Жумладан, Зарбдор туманининг “Нуробод” МФЙ ҳамда “Тараққиёт” МФЙ ҳудудида ўтказилган навбатдаги ер назорати тадбирларида ер қонунбузилиш ҳолатлари дронлар ёрдамида аниқланиб, ҳолат юзасидан туман бўлими инспекторлари томонидан МЖтКнинг 60-моддаси 3-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, фуқарога ер майдонини давлат захирасига қайтариш юзасидан ёзма огоҳлантириш хати ҳам берилади. Бироқ, аниқланган ҳолат ўз вақтида бартараф этилмайди.

Шу сабабли Кадастр агентлигининг Зарбдор туман бўлими ноқонуний қурилмаларни буздирилишини суд орқали сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро судининг ижро варақасига асосан ноқонуний қурилмалар жавобгарлар томонидан бузиб ташлаш ва ер майдонини олдинги ҳолатга келтириш белгиланган.

Бюронинг Зарбдор тумани бўлими томонидан фуқаролар бир неча бор огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан, ноқонуний қурилмаларни ихтиёрий равишда бузмаганлиги сабабли, мажбурий ижро ҳаракатлари давомида буздирилиши таъминланди.

Ерларни талон-торож қилишга асло йўл қўйилмайди. Бу масала билан боғлиқ муносабатлар тенглик ва очиқлик асосида амалга оширилади.

Шундай экан, барча белгиланган қонунчилик асосида фаолият олиб бориб, ўзбошимчалик билан ерни эгаллаб олишга чек қўйиши шарт.

 

Нурали МАМАСИЯЕВ,

Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.