Швейцария Ўзбекистонда IT -таълимни ривожлантириш учун грант ажратди

Улашиш:

Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) Ўзбекистонда IT-таълимни ривожлантириш мақсадида 150 минг доллар миқдорида грант ажратди. Ушбу грант, асосан, чекка ҳудудларда яшовчи ёшлар ва аёлларнинг рақамли компетенциясини оширишга қаратилган.

SDC ва Ўзбекистон IT-таълим Ассоциацияси ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси миссияси раҳбари ўринбосари Андрин Финк ўртасида бўлиб ўтган учрашув давомида имзоланди. 

Томонлар "Ўзбекистонда IT ва рақамли таълимни ривожлантириш орқали инклюзив ўсиш учун манфаатдор томонларнинг алоқаси" лойиҳасини амалга оширишга келишиб олдилар. Лойиҳа рақамли таълимдан тенг фойдаланиш имкониятларини таъминлаш, IT-компетенцияларни ошириш ва мамлакатнинг иқтисодий ривожланишини жадаллаштиришга қаратилган. 

Лойиҳанинг биринчи босқичида аҳолининг рақамли кўникмаларини таҳлил қилиш, бозорда талаб юқори бўлган янги касбларни аниқлаш, шунингдек, IT-таълим ресурсларини бирлаштирган рақамли платформани ишлаб чиқиш режалаштирилган. Ушбу босқични амалга ошириш учун SDC 150 минг доллар миқдорида грант ажратган.

Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистонда рақамли трансформацияни жадаллаштириш, иқтисодий имкониятларни кенгайтириш ва мамлакатнинг халқаро IT-бозорда рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради. 

Шунингдек, ОТБ Ўзбекистонга кам углеродли иқтисодиётга ўтиш ва бошқа яшил ислоҳотлар учун 250 миллион доллар миқдорида кредит ажратгани ҳақида ҳам маълумот берилди. 

Ушбу лойиҳа, шубҳасиз, мамлакатнинг рақамли иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.