Жиззах вилояти Дўстлик туманида 13 туп тут дарахтининг ноқонуний кесилиши натижасида табиатга 738 миллион 750 минг сўм миқдорида зарар етказилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Ҳуқуқбузарлик ва унинг оқибатлари
Вилоят Экология бошқармасига Дўстлик туманидаги “Мевазор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи “Саркисов” канали ёқасида тут дарахтларининг ноқонуний кесилгани ҳақида мурожаат тушган. Ўрганишлар натижасида фуқаро Д.Н. томонидан 13 туп тут дарахти кесилгани ва Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 4, 37, 49-моддалари талаблари бузилгани аниқланган.
Қимматбаҳо тут дарахтларига етказилган зарар дастлаб 369 миллион 375 минг сўм деб баҳоланган. Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йилдаги қарорига кўра, мораторий даврида етказилган зарар икки баравар оширилган ҳолда ундирилади, натижада зарар миқдори 738 миллион 750 минг сўмга етган.
Қонуний чоралар ва прокурорга юборилган ҳужжатлар
Мазкур ҳолат юзасидан барча ҳужжатлар тўпланиб, ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш учун Дўстлик туман прокуратурасига юборилди.
Эслатма
Аввалроқ Тошкент вилоятида ҳам шу каби ҳолат қайд этилган эди. 4 туп ёнғоқ дарахтини рухсатсиз кесган фуқаро табиатга 247 миллион 500 минг сўм миқдорида зарар келтиргани аниқланган.
Табиатни муҳофаза қилиш қонунларига амал қилиш ва дарахтларни ноқонуний кесиш оқибатлари ҳақида жамоатчилик яна бир бор огоҳлантирилди.