Қаршида мактаб формаси учун пул йиғган директор жамоатчиликдан узр сўради (Видео)

Улашиш:

Қарши шаҳридаги 23-мактаб директори Феруза Шуҳратова мактаб формаси учун ўқитувчиларни пул йиғишга мажбурлагани учун жамоатчиликдан расмий равишда узр сўради. Унинг таъкидлашича, мазкур ташаббуси ижтимоий табақаланишни олдини олишга қаратилган бўлиб, ниятлари нотўғри тушунилган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда директор ўқитувчиларга ўқувчилар учун мактаб формаси харид қилиш мақсадида пул йиғишни талаб қилгани акс этган видео тарқалган эди. Шуҳратова бу ҳаракатини изоҳлар экан, мактабда турли даражадаги фаровонликка эга оилаларнинг фарзандлари ўқишини таъкидлаб, ягона мактаб формаси жорий этилиши ўқувчилар ўртасидаги ижтимоий тенгсизликнинг олдини олади, деб ҳисоблаганини айтди.

"Мен мактаб формасини жорий этиш орқали ўқувчилар ўртасида синфий фарқнинг олдини олишни истагандим. Агар нотўғри тушунилган бўлсам, жамоатчиликдан кечирим сўрайман," — деди Шуҳратова ўз мурожаатида.

Шунингдек, у аввал форма киймаган ўқувчиларни мактаб дарвозасидан уйга жўнатиш ҳақидаги қатъий талабини билдиргани ҳам катта муҳокамаларга сабаб бўлди.

Натижада, Феруза Шуҳратова иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида жаримага тортилди. Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мактаб формаси учун пул йиғиш мажбурий эмаслиги ва бундай ҳаракатлар қонунга зид эканлигини яна бир бор эслатиб ўтди.

Бундай ҳолатлар мактаблардаги тартибни сақлашда қонунларга риоя қилиш зарурлигини яна бир бор кўрсатиб бермоқда. Мактаблар таълим-тарбиянинг асосий маскани бўлиб, бу ерда барча қарорлар қонуний асосда қабул қилиниши шарт.

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.