Ўзбекистонда ярим миллион долларлик ноқонуний дори-дармонлар партияси фош этилди

Улашиш:

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ — Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси томонидан амалга оширилган тезкор тадбир натижасида қиймати 5,3 миллиард сўмдан ортиқ бўлган ноқонуний дори-дармонлар партиясини мамлакатга олиб киришга уриниш фош этилди.

ДХХнинг маълум қилишича, Россия ва Қозоғистондан келган икки "ГАЗ" русумли юк автомобили Тошкент вилоятидаги "Яллама" божхона пости орқали кириб келган. Ушбу юклар Ўзбекистондаги компаниялар номига расмийлаштирилган бўлиб, белгиланган тартибда божхона текширувидан ўтиши лозим эди. Бироқ, божхона ходими уларни текшириш пунктига олиб бормай, назоратсиз қолдирган.

Бундай вазиятдан фойдаланган ҳайдовчилар юк машиналари йўналишини ўзгартириб, Юқори Чирчиқ туманидаги хусусий хонадонга йўл олган ва у ерда ноқонуний юкларни туширишга киришган. Қайтиб келаётган пайтда улар қўлга олинган.

Тергов давомида 214 турдаги, жами 52 459 ўрам дори-дармонлар – жумладан, Актовегин, Клексан ва Ремаксол каби воситалар мусодара қилинган. Барча дори воситалари ҳужжатларсиз, маиший буюмлар орасига яширилган ҳолда олиб кирилган бўлиб, уларда божхона пломбаларини очиш белгилари ҳам мавжуд эмас эди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳайдовчиларга бу юкларни олиб кириш учун номаълум Қозоғистон фуқароси томонидан 2 минг доллар мукофот таклиф қилинган. Ҳозирда икки ҳайдовчи ва юк сақланган хонадон эгаси қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 182-моддаси (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) бўйича иш қўзғатилган. Тергов ишлари олиб борилмоқда, шунингдек, ўз хизмат вазифасини бажармаган божхона ходимининг ҳаракатлари ҳам алоҳида текширувга олинган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда дорихоналар томонидан рақамли маркировка ва рухсатномаларсиз дори воситаларини сотиш аниқланган ҳолларда, улар лицензиядан маҳрум қилинади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.