Божхона органлари мансабдор шахсларининг қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари маъмурий судларда кўриб чиқилади

Улашиш:

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига кўра, “Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади”.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси (кейинги ўринларда МСИЮтК) 4-моддасининг биринчи қисмига кўра, “Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли”.

Ушбу кодекс 27-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига кўра, “Суд давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг (бундан буён матнда маъмурий органлар деб юритилади), фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги” ишларни ҳал қилади.

МСИЮтК 184-моддасининг иккинчи қисмига кўра, “Маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар, агар уларни кўриб чиқиш қонун билан бошқа давлат органларининг ваколатига киритилмаган бўлса, судда кўриб чиқилади”.

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси 4091-моддасининг биринчи қисмига кўра, “Ваколатли шахслар божхона органларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан ушбу Кодексда ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли”.

Ўзбекистон Республикаси “Божхона хизмати тўғрисида”ги қонуни 6-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, “Божхона органлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардир. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўйича бошқармалари, «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси, божхона постлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти, шунингдек Миллий кинология маркази божхона органларидир”.

Ушбу қонун 36-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, “Божхона органи ходимининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишига сабаб бўлди деб ҳисобловчи жисмоний ёки юридик шахс ушбу ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли”.

Маъмурий органлар деганда, маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссиялар тушунилади.

Юқоридаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига кўра, божхона органлари маъмурий орган ҳисобланиб, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида қабул қилган (чиқарган) маъмурий ҳужжатлари ёки улар мансабдор шахси ҳаракати(ҳаракатсизлиги)га нисбатан берилган аризаларни (шикоятларни) кўриб чиқиш маъмурий судларга тааллуқлидир.

Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш унинг ўз вақтида, ҳар томонлама, тўғри кўриб чиқилишини ва ҳал қилинишини таъминловчи муҳим босқич эканлигидан келиб чиққан ҳолда, тарафларнинг ҳуқуқий муносабатларини ва ишни ҳал этишда қўлланилиши лозим бўлган божхона фаолиятини тартибга соладиган қонун ва қонуности ҳужжатларини аниқлаш, тарафларнинг талаблари ва эътирозларини асословчи фактларни, ишни ҳал этиш учун зарур далиллар доирасини, ишда иштирок этиши лозим бўлган шахслар таркиби масаласини ҳал этиш лозим.

Жумладан, божхона органининг ҳужжати божхона тўғрисидаги қонунчиликка ёки бошқа қонунчиликка мувофиқ тузилганлиги, бир ёки бир нечта жисмоний ёки юридик шахсга қаратилганлиги, ҳужжатда юридик аҳамиятга молик муайян ҳаракатларни содир этишга доир кўрсатманинг мавжудлигини аниқлаш лозим. Чунки, божхона қонунчилигига кўра бундай ҳужжат қарор деб эътироф этилади (Божхона кодекси 4091-моддаси 2-қисми).

Божхона органлари мансабдор шахсларининг қарорлари ва ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан берилган ариза ва шикоятлар Ўзбекистон Республикаси МСЮтКнинг 16-бобида белгиланган умумий қоидаларга мувофиқ иш юритишга қабул қилинади, иш юритишга қабул қилиш рад қилинади ёки қайтарилади.

Маъмурий ҳужжат деганда, маъмурий органнинг оммавий ҳуқуқий муносабатларни юзага келтиришга, ўзгартиришга ёки тугатишга қаратилган ҳамда айрим жисмоний ёки юридик шахслар учун ёхуд муайян хусусий белгиларига кўра ажратиладиган шахслар гуруҳи учун муайян ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқарувчи таъсир чораси тушунилади. (Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуни 4-моддаси).

Аризаларни иш юритишга қабул қилишда биринчи навбатда арз қилинган талаб предметини аниқлаш лозим бўлади.

Маъмурий ҳужжатнинг қуйидаги белгилари мавжуд бўлсагина маъмурий ҳужжат ҳисобланади:

маъмурий орган томонидан қабул қилиниши;

ташқи субъектларга йўналтирилганлиги;

ҳокимият ваколати асосида қабул қилиниши;

ҳуқуқий оқибатни юзага келтириб чиқариши;

аниқ (индивидуал) бўлиши лозим.

Божхона органларининг текширувлар ва божхона аудити натижалари юзасидан қабул қилинган маъмурий ҳужжатлари (бундан буён матнда – қарор деб юритилади) ёки ушбу қарорларга нисбатан берилган шикоятларни кўриб чиқиш натижалари бўйича божхона органи апелляция комиссияларининг қарорлари устидан маъмурий судга шикоят қилиш мумкин. 

Божхона органи ходимининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари камситилишига сабаб бўлди деб ҳисобловчи жисмоний ёки юридик шахс ушбу ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли (“Божхона хизмати тўғрисида”ги қонуни 36-модда 4-қисми).

Бироқ, шуни алохида такидлаш лозимки, манфаатдор қарор ёки ҳаракат (ҳаракатсизлик) устидан маъмурий тартибда шикоят қилинмаганлиги ишни судда кўриб чиқилишига тўсиқ бўлмайди.

Хулоса қилиб айтганда, инвестицион жозибадорлик ошиб бораётган, иқтисодий ривожланган давлатларнинг илғор технологияларни мамлакатимизга олиб кириш, тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган ва етиштирилган маҳсулотларни экспорт қилиш орқали, мамлакат иқтисодиётини ўсишини таъминлашга оид ислоҳотлар изчил амалга оширилаётган бугунги кунда, божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш, товарларни ташиш, сақлаш ва қайта ишлашда божхона тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш, божхона тўловларини ўз вақтида ва тўғри тўланишини таъминлаш, иқтисодий сиёсат чораларига, божхона рақамларининг талаблари ва шартларига риоя этилишини таъминлаш, божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳолатларига чек қўйиш ва уларни олдини олиш асосий божхона мақсади ҳисобланади. 

Божхона органларининг қарорлари ёки улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) нисбатан берилаётган аризалар(шикоятлар) бўйича қўзғатилаётган маъмурий ишлар ҳам шулар жумласига киради. 

 

Шарофиддин Болиев

Жиззах вилоят маъмурий суди

судьяси

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.