Ўзбекистон Республикасининг “Конституциявий суди тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонуни: Инсон ҳуқуқларини юксалтириш йўлида

Улашиш:

2021 йил 27 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг “Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди.

Қонуннинг янгилиги шундаки, унда Конституциявий суд ваколатлари, Конституциявий суд судьясининг мақоми, Конституциявий суд ишларини юритиш, Конституциявий судга мурожаат қилиш ва мурожаатни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва ўрганиш масалалари аниқ белгиланган. Қувонарли томони Конституциявий суд тўғрисидаги янги таҳрирдаги қонун фуқаролар ва юридик шахсларга, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари вакилига Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқини бериб, Конституциявий судга мурожаат қилувчи субъектлар доираси янада кенгайтирилгани янгиланаётган Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий изчиллигини таъминлайди.

Шу кунга қадар Конституциявий суднинг фаолияти 2017 йил 31 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун билан тартибга солиниб келган бўлса, эндиликда янги таҳрирдаги қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги қонунга кўра, Конституциявий суд доимий фаолият юритувчи суд ҳокимияти органи бўлиб, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиши                         3-моддасида белгиланган.

Қонуннинг 4-моддасида эса, Конституциявий суднинг ваколатлари яъни  Конституциявий суд:

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлаши,

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлаши;

Учинчидан Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш;

Тўртинчидан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ бериш;

Бешинчидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқиш;

Олтинчидан конституциявий суд ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш ҳамда фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоятларини конституциявийлигини аниқлаш каби ваколатларини амалга ошириши ўз ифодасини топган.

Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.

Конституциявий суд қайд қилинган ваколатларни амалга ошираётганида бошқа судларнинг ёки ўзга органларнинг ваколатларига кирадиган барча ҳолларда ҳақиқий ҳолатларни аниқлаш ва текширишдан ўзини тияди.

Қонунга кўра, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.

Конституциявий суднинг ҳар бир судьяси якка тартибда сайланади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини олган шахс сайланган ҳисобланади.

Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда Конституциявий суднинг тўққиз нафар судьясидан иборат бўлади.

Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати беш йил.                     

Конституциявий суднинг ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийлиги қонун устуворлигини таъминлайди.

Ушбу янги таҳрирдаги қонун Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги саъй-ҳаракатлари, конституциявий асосини янада юқори босқичга чиқаришига ишонамиз.

 

А.Уринов - Жиззах туманлараро маъмурий

судининг раиси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.