Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддаси)
Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.
Судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ишлар бўйича, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда - ариза (шикоят) ва илтимоснома шаклида;
апелляция ва кассация инстанцияси судларига мурожаат этилганда, шунингдек ушбу Кодекс ҳамда бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда шикоят (протест) шаклида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 128-моддасида маъмурий судга тақдим этиладиган аризанинг (шикоятнинг) шакли ва мазмуни қандай бўлиши кераклиги кўрсатилган бўлиб, унга кўра, ариза (шикоят) судга ёзма шаклда берилиши, ариза аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланиши лозим. Аризада ариза берилаётган суднинг номи, ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатлар, арз қилинган талабларнинг асосларини тасдиқловчи далиллар, аризачининг қонун ҳужжатларига асослаб келтирган талаблари, аризага илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилиши керак.
Аризада аризачининг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.
Аризада, агар низони тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, бошқа маълумотлар, шунингдек аризачидаги мавжуд бўлган илтимосномалар кўрсатилади. Аризачи ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талабни, агар улар маъмурий судга тааллуқли бўлса, битта аризага бирлаштиришга ҳақли.
Аризачи ариза (шикоят) бераётганда жавобгарга ва учинчи шахсларга аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган, уларда бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориши шарт.
Шунингдек, аризага (шикоятга) қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлар, яъни белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлиги, агар бу ушбу тоифадаги ишлар учун қонунда назарда тутилган бўлса, белгиланган тартибда ва миқдорда почта харажатлари тўланганлиги, аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга ҳамда учинчи шахсларга юборилганлиги, арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатлар илова қиланади.
Судья аризани (шикоятни) ва унга илова қилинган ҳужжатларни қуйидаги яъни, аризанинг (шикоятнинг) ушбу Кодекснинг 128-моддасида белгиланган шакли ва мазмунига риоя қилинмаган бўлса, ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлиб, уларнинг айримлари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга тааллуқли бўлса, ариза (шикоят) имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса, иш мазкур суднинг судловига тегишли бўлмаса, жавобгар ва учинчи шахсларга аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаган бўлса, давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ҳамда миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса, битта аризада (шикоятда) бир ёки бир нечта жавобгарга нисбатан ўзаро боғланмаган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлса ва аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар аризани (шикоятни) қайтариб олиш тўғрисида аризачидан ариза келиб тушган ҳолларда қайтаради.
Аризанинг (шикоятнинг) қайтарилиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилгандан кейин судга такроран умумий тартибда мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.
Акмал Уринов - Жиззах туманлараро маъмурий судининг раиси
Хамидулла Абдукаримов - Жиззах туманлараро маъмурий судининг девонхона мудири