Халқ таълими вазирлиги: мактаб директорлари ва бошқа ходимлар ота-оналарга муайян ягона форма ишлаб чиқарувчини танлашга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас

Улашиш:

Сентябрь ойидан бошлаб Ўзбекистондаги барча давлат мактабларида ягона мактаб формаси жорий этилади. Ушбу қарор ҳукуматнинг 19 майдаги қарори билан тасдиқланган. Ҳужжатга кўра, август ойида мактаб формаларини ярмаркаларда марказлаштирилган ҳолда сотиш мўлжалланган. Бироқ, ҳозирдан бошлаб пойтахт ўқувчиларининг ота-оналарига синф раҳбарлари ва таълим муассасалари маъмуриятидан ягона формани зудлик билан сотиб олиш   талаби қўйилмоқда. Бу ҳақда “Народное слово” газетаси маълум қилмоқда.

Кўпинча, улар маълум бир ишлаб чиқарувчидан кийим сотиб олишни қатъий тавсия қиладилар. Баъзи ота-оналар бундай хабарларни салбий қабул қилишади ва улар мустақил танлов қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлаётганликларини эътироф этишади. Пойтахтнинг бир нечта фуқаролари таҳририятга мурожаат қилиб, таълим муассасалари вакиллари ва ота-оналар қўмиталари кўрсатилган жойдан мактаб кийимларини сотиб олишни талаб қилишини таъкидламоқдалар. Биз Халқ таълими вазирлиги вакилидан вазиятни изоҳлаб беришни сўрадик.

“Мактаб директорлари ва бошқа ходимлар ота-оналарга муайян ягона форма ишлаб чиқарувчини танлашга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас. Бугунги кунда мактаб ўқувчиларининг ота-оналарига борган хабарлар фақат тавсия характерида бўлиши мумкин. Уларнинг мақсади - ота-оналарга тасдиқланган намунавий формани қаердан ва қандай нархда сотиб олиш мумкинлиги тўғрисида хабар беришдир. “Ўзтекстилсаноат” уюшмаси ва ҳокимликлар томонидан маҳсулотлари маъқулланган ишлаб чиқарувчилар таклиф қилинади", - дея таъкидлайди Халқ таълими вазирлиги (ХТВ) матбуот хизмати раҳбари Лайло Рустамова.

Унинг сўзларига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг қарорида ушбу тузилмаларга 2022 йил 1 августгача барча ҳудудларда мактаб формасини ишлаб чиқаришни ташкил этиш топширилган. 10 августдан эса "мактаб ярмаркалари"доирасида мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида ягона ўқувчилар формасини сотиш пунктлари ишга туширилиши лозим.

"Анъанага кўра, улар аҳоли учун қулай жойларда – таълим муассасалари, бозорлар ва савдо мажмуалари яқинида жойлашган бўлади. Ярмаркаларнинг манзиллари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Бугунги кунга қадар 500 га яқин маҳаллий корхоналар форма ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқдалар. Таклиф этилаётган форманинг сифатидан қониқмаган ота-оналар уни ўзлари тикишлари мумкин. Аммо, тикилган формалар 1-6 ва 7-11 синф ўқувчилари учун тасдиқланган намуналарга жавоб бериш шарт", - дея қўшимча қилди у.

Кўпгина ота-оналар одатда август ойида мактаб формасини олишларини таъкидлашади. Зеро, болалар ёз ойларида ўсиши туфайли мавсумнинг биринчи ярмида сотиб олинган кийимлар сентябргача кичик бўлиши мумкин.

Мирзо-Улуғбек тумани мактабларида ота-оналарга тавсия этилаётган савдо нуқталаридан бирига ташриф буюрдик. Расталарда 1-6 синф ўқувчилари учун форма мавжуд. Тўпламга учта нарса киради – кўк ветровка, ичикча, шим ёки юбка. Бир тўпламнинг нархи 260 минг сўмни ташкил этади. Таклиф этилган кийимлар мос келмаган болаларнинг ота-оналари жойида алоҳида буюртма беришлари мумкин. Харидорларнинг таклиф етилаётган маҳсулотлар ҳақидаги фикрлари турлича.

"Менинг набирам иккинчи синфга ўтди, энди биз мактаб учун кийим қидирмоқдамиз. Оиламиз Ўзбекистонда ягона мактаб формаси жорий этилишини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Биринчидан, ота-оналар боласи мактабга нима кийиб бориши ҳақида бош қотирмайди, иккинчидан, ягона форма ўқувчиларни интизомли қилади ва бирлаштиради. Менга кичик синфлар учун тасдиқланган форма ранги ва услуби ёқади. Бу меҳр билан ишлаб чиқилган. Ушбу дўконни   набирам ўқиётган мактаб тавсия этган. Биз бу ерда кўрган форма яхши бичилган ва чиройли тикилган, мақбул декоратив деталлар танланган", - деди пенсионер Ирина Бурмистрова.

Бироқ, унинг сўзларига кўра, мато синтетик, жуда нозик, этагида астар йўқ. Демак, бола учун қулай эмас – бахорда иссиқ ва қишда совуқ бўлади.

"Учта нарса учун нарх юқори эмас, лекин бизга матонинг сифати ёқмади, сентябргача табиий матодан тикилган форма топиш мумкин деб, умид қиламиз. Биз кўпроқ пул тўлашга тайёрмиз, асосийси - бола қулай бўлиши керак. Ота -оналар турли нархдаги формалар ўртасида танлай олиши керак, деб ўйлайман. Мактаб ўз пулимизга сифатсиз мол сотиб олишимизни талаб қилмаслиги керак", - деди у.

Ҳукумат қарорига кўра, бошланғич синфлар учун тасдиқланган мактаб формасида 65 фоиз пахта ва 35 фоиз полиэстер бўлиши керак. Ишлаб чиқарувчилар ушбу параметрларга риоя қилишини аниқлашнинг имкони бўлмади. Бироқ, корхона вакилларининг таъкидлашича, улардан кўпинча юқори сифатли ва қиммат матолардан тайёрланган маҳсулотлар сўралади. Аммо улар қимматроқ формани ҳеч ким сотиб олмаслигидан қўрқишади. Ахир, амалдаги нархларни ҳам кўпчилик қиммат демоқда.

“Менинг учта ўғлим бор - ҳаммаси мактабга боради. Мен бу ерда сотиб олинган формани тўғри танладим, деб биламан. Форма ўғилларимга мос келади, ғижимланмайди, осонликча ифлос бўлмайди. Бизда қимматроқ форма сотиб олишнинг имконияти йўқ. Узоққа боришга тўғри келмаганидан хурсандман, ота-оналар қўмитаси маслаҳати билан мактаб ёнидан муносиб форма топдим", - деди Шахина Эргашева.

Сентябрь ойига қадар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар 6,2 миллиондан ортиқ мактаб ўқувчиларини “кийинтириши” керак бўлади. Бу вазифа қанчалик мақсадга мувофиқлигини вақт кўрсатади. Мактаб маъмурияти ота-оналарга қулай жойдан бир хил мактаб формасини сотиб олишлари учун шароит яратишга интилаётгани аниқ. Аммо, ҳар бир оила нархи ва сифати бир бирига мос келадиган ягона мактаб формасини топа олиши лозим. Зеро, ягона мактаб формасини жорий қилишдан мақсад - мактабларда кийиниш маданияти ва интизомни ошириш, турли даромадли оила болаларининг психологик қулайлиги, кийимнинг бекаму кўстлигини таъминлашдир. Муҳими- ягона мактаб формасини жорий этилиши одамларда салбий кайфиятни шакллантирмаслиги лозим.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.