Ўзбекистонда "Ҳалол" белгиси билан тамғалаш расман жорий этилади

Улашиш:

2025 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистонда маҳсулот ва хизматларни "Ҳалол" белгиси билан тамғалашга рухсат берилади. Бу жараён Ислом мамлакатлари стандартлар ва метрология институти (SMIIC) талабларига мос равишда амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, "Ҳалол" маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаш ҳамда баҳолаш тизими жорий этилади. Ушбу ташаббус доирасида махсус сертификатлаштириш органлари ташкил этилиб, улар халқаро стандартлар асосида фаолият юритади.

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорликда олти ой муддатда халқаро ташкилотларни жалб қилган ҳолда сертификатлаш тузилмаларини аккредитациядан ўтказади.

Шунингдек, "Ҳалол" белгисининг расмий шакли ва ўлчамларини белгилайдиган махсус стандарт ишлаб чиқилади. Қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.