Тошкентдаги кўп қаватли уйларда индивидуал қарздорлик сабабли иссиқлик таъминоти бутунлай ўчирилиши ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар асоссиз. "Veolia Energy Tashkent" компанияси ушбу даъволарни рад этиб, расмий муносабат билдирди.
Компания вакилларининг маълум қилишича, айрим абонентларнинг қарздорлиги сабабли бутун бино иссиқликсиз қолиши мумкин эмас. Ҳозирда иссиқлик таъминоти барқарор ва узлуксиз етказиб бериш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Расмий манбаларга таянилиши тавсия этилди
Таъминот оператори фуқароларни фақат расмий ахборот манбаларига ишонишга ва тасдиқланмаган маълумотларни тарқатишдан эҳтиёт бўлишга чақирди.
Тарифлар ошган, яна кўтарилиши мумкин
Маълумот учун, 2023 йил октябр ойида Тошкент шаҳрида марказлашган иссиқлик таъминоти нархлари 15 фоизга ошган эди. Шунингдек, 2024 йил февраль ойидан Тошкент вилоятида ҳам иссиқлик ва иссиқ сув нархлари кўтарилди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йилда тарифлар икки марта ошиши кутилмоқда.