Тошкент вилояти Зангиота туманида Сирдарё вилояти прокурори катта ёрдамчисининг "Спарк" русумли автомобилидан 50 ўрам кучли таъсир қилувчи "Зардекс" таблеткалари топилди.
Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) маълумотига кўра, ушбу дори воситаларини Самарқанд вилояти Булунғур туманида яшовчи шахс прокурор ёрдамчисига сотган. Текширувлар давомида у шахсдан қўшимча равишда 300 қути ноқонуний дори воситалари мусодара қилинган.
Таъкидланишича, ушбу дорилар Ўзбекистонга Қирғизистондан ноқонуний йўллар билан олиб кирилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал Қўқон шаҳрида сифат сертификати ва яроқлилигини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган кўп миқдордаги дори воситалари савдосига чек қўйилган эди.